Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг футбол бўйича жаҳон чемпионатига тарихда илк бор йўлланма олгани ҳамон кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборида. Турли нашрлар бу ютуқни нафақат спорт муваффақияти, балки мамлакат футболи тараққиётининг янги босқичи сифатида баҳоламоқда.
Буюк Британиянинг “London Post” нашри Ўзбекистон терма жамоаси мундиалга йўл олишини “Шарқнинг янги футбол эпоси” дея таърифлади. Мақолада “Оқ бўрилар” лақаби билан танилган жамоамиз сўнгги йилларда изчил кучайиб, қитъа миқёсида жиддий жамоалардан бирига айлангани таъкидланган. Интизомли ўйин, тактик етуклик ва ёш истеъдодлар маҳорати тарихий натижа омили сифатида кўрсатилган.
Озарбайжон Миллий ахборот агентлиги материалида эса Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида фақат иштирок этиш билан чекланиб қолмаслиги қайд этилган. Жамоа олдига юқори мақсад қўйилгани, мундиалда муносиб иштирок этиш учун етарли салоҳият шаклланганига урғу берилган. Шунингдек, мамлакатда футбол инфратузилмаси, академия ва ёшлар тайёргарлигига қаратилаётган эътибор алоҳида қайд этилган.
Сенегалнинг “La Vie Sénégalaise” нашри ҳам Ўзбекистон футболи ютуқларини кенг ёритган. Жумладан, бу муваффақиятни бутун Марказий Осиё футболи учун муҳим воқеа сифатида баҳолаб, юртимизнинг жаҳон футболи харитасидаги ўрни мустаҳкамланаётганини таъкидлаган. Жамоанинг кўп йиллик меҳнати, мураббийлар ва футболчилар қатъияти юқори баҳоланган.
Д.Ҳакимов, ЎзА