Қирғизистон бош вазири Наманганда ҳам бўлди
Мамлакатимизда амалий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров бошчилигидаги делегация Наманган вилоятида ҳам бўлди. Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, хусусан тадбиркорлар томонидан йўлга қўйилган савдо ва ишлаб чиқариш марказлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Икки томонлама истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада ҳудудлараро йўлга қўйилган иқтисодий алоқаларни янги сифатга кўтаришга қаратилган ташриф аввалида меҳмонлар Тўрақўрғон туманидаги "Ифтихор кийим саноати" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳани кўздан кечирди.
Мазкур жойда тадбиркор ва сенатор Анна Добрих бошчилигидаги жамият ташаббуси билан пахта хомашёсидан ип-калава, тўқув, бўяш, тикув ва деним-нонденим ишлаб чиқариш мажмуаси қурилмоқда. Қайд этиш жоиз, вилоятнинг саноат ишлаб чиқаришида ўз мавқеига эга ушбу корхона ишлаб чиқариш комплексини бунёд этиши учун 17 гектар майдонда қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Қиймати 181 миллион евро бўлган, шу жумладан 126 миллион евро банк кредити жалб қилинадиган мазкур лойиҳа келгусида 100 миллион евро маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Энг муҳими, 3 минг киши доимий иш билан таъминланади.
[gallery-10907]
Делегация аъзолари Давлатобод туманидаги "Fazman tekstil" масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона фаолиятини ҳам кўздан кечиришди. Яқинда очилган мазкур текстиль корхонаси асосий эътиборни экспортга қаратган. Иш ҳам айни шундан бошланди, яъни Германиянинг дунёга машҳур “Digel” ва "Carl Gross" брендлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Лойиҳа қиймати 20 миллион долларни ташкил этиб, бунинг ҳисобидан улкан замонавий иншоот барпо этилди. Европа мамлакатларидан энг сўнгги русумдаги ускуналар олиб келинди. Дастлабки босқичда, мингга яқин иш ўрни яратилди. Корхонада ёшларга иш ўргатиш учун ўқув маркази ҳам ташкил этилган.
Таъкидлаб ўтилганидек, корхона йилига 1 миллион дона костюм-шим ишлаб чиқариш қувватига эга. Улар бренд талабларига мослиги боис хушбичим ва юқори сифатли. Жорий йилнинг ўзида 15 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. Қирғизистонлик мартабали меҳмон бу ердаги маҳсулотлар сифати ва экспорт салоҳиятини юқори баҳолади. Шунингдек, Қирғизистон делегацияси хизмат сафари давомида Наманган вилояти саноатида ўзига хос мавқега эга бўлган, пахтачилик кластери ҳамда бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарини ўзида жамлаган “Аrt soft cluster” холдинг компаниясининг Наманган шаҳридаги савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасига борди. Бу ерда меҳмонларга ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулотлар тури ҳақида батафсил маълумот берилди.
Корхонада бугунги кунда тўқув, бўёқ ва тикув цехлари фаолият кўрсатиб, уларда мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Компания маҳсулотларининг 85-90 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Делегация аъзоларида корхонанинг ишлаб чикариш жараёнлари ва шоуруми катта таассурот қолдирди. Икки томонлама савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва ҳудудларни инфратузилмасини яхшилаш борасида тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этган ташриф давомида делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлик қилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.