Қидирувдаги қарздор оталар пойтахтдан топилди
Жамиятнинг муҳим бўғини ҳисобланган оилаларнинг бузилиб, ота-оналарнинг ажралиб кетишлари ҳар қандай жамиятда кузатилиши мумкин. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган отани эса ҳеч бир жамият оқламайди.
Аёл ёлғиз боши билан бола тарбияси, еб-ичиши, кийим-кечаги, касал бўлса, дори-дармони масаласида қайғурса-ю, нега ота яшириниб юриши керак?! Қани оталик масъулияти ва эркаклик ғурури? Энди алимент пулларини ўз вақтида ололмай юрган аёл ҳолатини кўз олдингизга келтириб кўринг.
Суд қарорига асосан вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун оталардан алимент ундириш белгиланган бўлса-да, айримлар алимент тўламаслик учун бюро органларидан яширинишга уринмоқда. Шундай ҳолларда давлат ижрочисининг қарорига асосан қарздор отага нисбатан қидирув эълон қилинади.
Асосий мақсад алимент тўлашдан бўйин товлаётган қидирувдаги қарздорнинг қаердалигини аниқлаш, топиш ва алимент қарзини ундириш ёки жавобгарлик масаласини суд орқали ҳал қилишдир. Қидирув ҳаракатлари дастлаб қарздорнинг охирги яшаш жойида олиб борилади ва кейинчалик қидирув ҳудуди кенгайтирилади.
Дом дараксиз йўқолган қидирувдаги шахснинг қаердалигини аниқлаш, топиш ва алимент қарзини ундириш ёки жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун қанча вақт ва меҳнат сарфланади?!
Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан мазкур йўналишда муайян ишлар қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг май ойида 269 нафар қарздор шахсга нисбатан қидирув тадбирлари олиб борилган. Бюро ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган қидирув тадбирлари давомида эса 6 нафар қидирувдаги қарздор топилган.
Уларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари судда онлайн тартибда кўрилиб, 4 нафар қарздор алиментни тўлашдан бўйин товлагани сабабли 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, 2 нафар қарздор алиментни суд жараёнида тўлаб берганлиги сабабли маъмурий иш ҳужжатлари суд томонидан тугатилган. Мисол учун, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Сафаровдан ундирувчи Н.Сафарова фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида М.Сафаров алиментни тўламаслик мақсадида бюро органларидан яширингани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида қарздор Тошкент шаҳрида яшириниб юргани ҳақида маълумот олинган ва жорий йилнинг 26 май куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳудудида аниқланиб, ушланган.
У алимент тўловидан бўлган 180 млн.дан ортиқ қарзини тўлашдан бўйин товлагани боис шу куннинг ўзида Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди биносида Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан видеоконференц-алоқа режимида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Мазкур суд қарори билан қарздор М.Сафаровга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, суд залида қамоққа олинган ва жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилган.
ЎзА