Қатар. Рекордлар ва аксил рекордлар...
23 ноябрь куни “ЖЧ-2022” мусобақасида кутилмаган ҳодисаларетарли бўлди.
Испания Коста-Рика устидан 7:0 ҳисобида ғалабага эришди. Турли рекордлар янгиланишига сабаб бўлган бу матчда ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтни ҳисобламаганда, испанияликлар бир-бирларига минг мартадан ошиқ тўп узатгани қайд этилди. Аҳамиятлиси, бу узатмалардан 976 таси аниқ.
Жаҳон чемпионати тарихида янги рекорд - Испания футболчилари ўйиннинг 81,8 фоиз вақти мобайнида тўпни ўзларида сақлаб қола билдилар. Бундан аввал “ЖЧ-2010”да аргентиналиклар Юнонистон билан баҳсда тўпга 80,3 фоиз хокимлик қилгани ҳисобланганди.
Европаликлар ўйин тизгинини шу даражада назорат қилишдики, Коста-Рика жамоаси аъзолари бир марта ҳам рақиб дарвозасига зарба бера олмадилар.
Испания ярим ҳимоячиси Гави 18 ёшида бошланғич таркибда майдонга тушгани ҳам мундиал янгиликларидан биридир. Устига-устак коста-рикаликлар дарвозасига бешинчи голни айнан “Барселона” вакили урди. Бу афсонавий Пеле замонидан кейин энг ёш футболчи томонидан урилган иккинчи гол. “Қирол” 1958 йилдаги финал ўйинида Швеция дарвозасига икки тўп киритганда ҳали 17 ёш эди.
Энг ёш гол муаллифи кўрсаткичида учинчи ўринни мексикалик Мануэль Росас эгаллаган. 1930 йилги чемпионатда бу 18 ёшли иқтидор эгаси Аргентина дарвозасини ишғол этгани тарихда муҳрланган.
Германия жамоаси ҳам аксил рекорд қайд этди. Японияга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлган бу жамоа Россияда ўтган аввалги чемпионатда Мексика ва Жанубий Кореяга ютказиб, Швецияни ютган эди. Шу тариқа Германия мундиалнинг охирги тўрт матчида бор-йўғи бир ғалабага эришди.

“Машина” жаҳон чемпионатлари ҳал қилувчи босқичида иккинчи бор ўйиннинг биринчи таймида юта туриб, охирида бой берди. 1978 йил немислар Австрияга 2:3 ҳисоби билан ютқазган, ўшанда ҳам биринчи голни ўзлари урган. 44 йиллик натижа кеча яна такрорланди. 33-дақиқада Европанинг мазкур гранд жамоаси рақиб дарвозасини ишғол этиб, кейин саккиз дақиқа ичида Япониядан икки гол ўтказиб юборди...
Юсуф Мукоко Германиянинг энг ёш ҳужумчиси ҳисобланади. Уч кун аввал жамоадошлари уни 18 ёши билан қутлашган эди.
17 ёшли нигериялик Феми Опабунми бундан 20 йил муқаддам – 2002 йил 12 июнда Англияга қарши ўйнаган. Шундан буён 18 ёшга тўлмаган футболчилар мундиалда майдонга тушмаган эди.
Кўпчилик эътибор қаратган аломат фактлардан яна бири Германия жамоаси футболчилари Япония билан ўйин олдидан суратга тушиш чоғида оғизларини ёпиб турдилар...
Аброр ХОН,
ЎзА