Қатар Баҳрайнни денгиз чегарасини бузишда айблади
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Баҳрайн ҳарбийлари катери ноқонуний тарзда мамлакат сувли ҳудудига кириб келгани тўғрисида баёнот берди. Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса ноябрь ойи охирларида юз берган экан. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатган.
Доха БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик кенгашини чегара бузилиши билан боғлиқ мазкур воқеа 2020 йил 25 ноябрда қайд этилганидан хабардор қилган.
"Баҳрайн ҳарбий катерининг Қатар сувли ҳудудига ноқонуний бостириб кириши… Қатар давлати суверенитетига дахл қилишдир. Бу ҳаракат минтақавий осойишталикка, мамлакат хавфсизлигига таҳдид ҳисобланади", – дейилади ТИВ хабарида.
Қатар, шунингдек, БМТга ёзган мурожаатномасида ташкилотни зарур чоралар кўриш ва "Баҳрайн томонидан йўл қўйилаётган қоида бузарликка чек қўйиш"га чақирган.
Аввалроқ Қатар Баҳрайнни 9 декабрь куни мамлакат ҳаво чегараларини бузганликда ҳам айблаб чиққанди. Доха масъуллари Баҳрайн қирувчи самолётлари Қатар ҳаво кенгликларига бостириб кирганини билдирган. Дарвоқе, ўшанда идора вакиллари бундай воқеа биринчи марта юз бермаётганини ҳам таъкидлаган.
Ўз навбатида, Баҳрайннинг БМТдаги доимий вакили Жамол Рувейи Бош котиб ва ташкилотнинг Африка бўйича доимий вакилига расмий мактуб ёзиб, Қатар томонидан билдирилган айбловларни рад этган.
Ёдингизда бўлса, бундан уч ярим йилча олдин Саудия Арабистони, Баҳрайн, БАА ва Миср Доха билан муносабатларни узиш тўғрисида баёнот эълон қилганидан сўнг Қатар билан боғлиқ гап-сўзлар кўпайиб, вазият таранглашган эди. Шу билан бирга Қатар ва Баҳрайн муносабатларининг кескинлашуви томонларнинг 6 та араб давлати Форс кўрфази ҳудудида юзага чиққан низоли вазиятни бартараф этишга интилаётганига нисбатан бир-бирига зид баёнот берган бир даврга тўғри келди.
Тахмин қилинишича, айни масала бўйича 2021 йил 5 январда Ар-Риёдда ўтказилиши мўлжалланган араб монархиялари етакчилари саммитида муросага келиниши мумкин.
ЎзА