Қатағон қурбонлари: Ўзбекистон тарихидаги энг катта фожиа(+видео)
1936-1938 йилларда икки миллиондан ортиқ киши қатағонга учраган бўлса, шулардан 725 минг киши отишга ҳукм қилинган. Аслида, 5 ойга мўлжалланган мазкур қатағон 16 ой давом этди.
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
2001 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида” ги Фармони эълон қилиниб, унга мувофиқ 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни деб белгиланган.
Мустабид тузум даврида халқимизнинг кўзга кўринган вакиллари – давлат арбоблари, адабиёт, маданият ва санъат намоёндалар, зиёли кишилар қаторида кўплаб оддий фуқаролар ҳам “халқ душмани” тамғаси билан жазоланган, қатағон қилинган. Уларнинг ортидан қолган яқинлари, оила аъзолари хўрланган, азоб-уқубатларга гирифтор бўлган.
Эрк ва адолат учун курашган кўплаб ватандошларимиз Сибир сургунларида, Сталиннинг авахталарида ном-нишонсиз кетган. Мустамлакачилар уларнинг шарафли номларига қўшиб қабрларини, “ватан хоинлари”нинг хайрихоҳлари сифатида қариндош-уруғларининг кўпчилигини йўқ қилиб юборган.
Бугунги лавҳамизда ФА Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, профессор Дилноза Жамолова иштирокида юртимиз тарихидаги энг катта фожиавий йўқотишлар, 1937-1938 йилларда "Катта террор" дея ном олган мудҳиш ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари, юртимиз ҳурлиги, ватан мустақиллиги йўлида ўз жонини қурбон қилган аждодларимизнинг қаҳрамонликлари ҳақида батафсил суҳбатлашдик.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА