Қатағон қурбонлари нафақат ўз даврининг, балки бугунги кунимизнинг ҳам қаҳрамонларидир
Ватаннинг, тинч ва осуда кунларнинг, мустақиллигимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, атоқли олима, тарих фанлари доктори Дилноза Жамоловага бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
–Вақт қанчалик шиддат билан ўтмасин, Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги, озодлигини орзу қилган, шу йўлда азиз умрини фидо қилган аждодларимизни унутишга сира ҳаққимиз йўқ. Айтинг-чи, қатағон қурбонлари ҳақида гапиришнинг бугунги авлод учун аҳамиятли жиҳатлари нимада?
– Бутун дунё бўйича қатағон деган атама фақат Россия империясининг мустамлакаларига нисбатан ишлатилса керак. Чунки бу каби зўравонлик, оммавий жазолаш ва ўлдиришларни бирор-бир мустамлакачи давлат бунчалик кўп ва мунтазам равишда қўлламагани маълум. Нега империя 1865 – 1990 йилларда миллатимиз ойдинларини тинимсиз қатағон қилиб борди? Чунки она юрти мустақиллигини тиклаш учун курашадиганлар, босқинчиларнинг зўравон сиёсатига қарши чиқадиганлар уларга заминимизда ўз мақсадларини амалга оширишларига тўсқинлик қиларди.

Ўзбек халқи 1865-1991 йилларда Россия империяси мустамлакаси остида бўлиб, жуда мураккаб даврни бошидан ўтказди, кўплаб қурбонлар берди. Миллий озодлик, ҳурлик ва эркинлик талаб қилиб чиққан ўзбек халқининг жасур ва қўрқмас фарзандлари турли ёлғон айбловлар ва туҳматлар билан жисмонан йўқ қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар йили Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейини зиёрат қилар экан, мутасаддиларга жадидлар фаолиятини, совет ҳокимиятининг қатағончилик сиёсати моҳиятини ўрганиш кераклигини, озодлик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз номини абадийлаштириш лозимлигини таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 август кунидаги ташрифи чоғида ўзбек халқининг қатағон қилинган фарзандлари ҳақида “Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади”, дейиши бежиз эмас, албатта.
Шунинг учун ҳам ўз эрки ва озодлиги учун курашган боболаримизнинг ватанпарварлиги, миллатпарварлигидан ибрат олишимиз учун ҳам қатағон сиёсатининг мазмун-моҳиятини чуқур билишимиз, унинг даҳшатларидан сабоқ чиқаришимиз, мустақиллигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак.
– Тарих институтида бу йўналишда олиб борилаётган энг асосий тадқиқотлар сифатида қайси изланишларни санаб ўтган бўлар эдингиз?
– Ҳозирда совет ҳокимиятининг Ўзбекистон ССРда юритган қатағон сиёсати тарихининг мазмун-моҳиятини очиб бериш борасида тарихчи, адабиётшунос олимлар томонидан тадқиқотлар амалга оширилмоқда, асарлар ёзилмоқда. 2022 йил яратилган ва чоп этилган, 2025 йил қайта нашр қилинган йирик тарихий тадқиқотлардан бири, шубҳасиз тарихчи олим, профессор Қаҳрамон Ражабов томонидан тайёрланган “Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917-1991 й.)” китобидир.
Китобда Туркистон минтақасида болшевиклар томонидан совет ҳокимиятининг мажбуран ўрнатилиши ва унинг ўзига хос жиҳатлари, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг совет давлати томонидан зўравонлик билан тугатилиши ҳамда Қўқон қирғини, 1918 йил февралдаги Қўқон (Туркистон)даги геноцид ва қирғинлар, коммунистик мафкура ҳамда совет давлатининг тоталитар хусусияти ва моҳияти, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигининг қизил армия томонидан босиб олиниши ҳамда ХХСР ва БХСРда уламо ва бойларнинг қатағон қилиниши масалалари, Ўзбекистон ССРда сиёсий тазйиқ ва қатағонларнинг бошланиши, Бухорода Чориқулбой ва бошқа мулкдорларнинг қатағон этилиши, Ўзбекистон ССРда 1929 йил мартида Ҳамзанинг ўлдирилиши, “Буюк бурилиш йили” ва ундан кейин Ўзбекистон ССРда сиёсий қатағонларнинг авж олиши (Мунавварқори бошчилигидаги миллий иттиҳодчилик ва миллий истиқлолчилик иши, қосимовчилик, бадриддиновчилик, наркомпрос иши, ботир гапчилар ва б.), Ўзбекистонда коллективлаштириш ва қулоқлаштириш сиёсати ҳамда ўзбек қишлоғининг фожиаси, Ўзбекистон ССРда кадрларни маҳаллийлаштириш ва ўзбеклаштириш чоралари ҳамда сиёсий элитанинг нобуд қилиниши, Ўзбекистон ССРдаги катта террор: сабаб ва оқибатлари (1937-1938), Файзулла Хўжаев ҳамда аслзода хонадон вакилларининг маҳв этилиши, Мусулмон уламолари ва қўрбошиларнинг қатағон қилиниши (Носирхон Тўра, Иброҳимбек қўрбоши, Мусдуховенство иши), БХСР собиқ раҳбарларининг 1937 йилда отиб ташланиши ёхуд ўн еттилар иши билан боғлиқ жиҳатлар, СССРнинг агрессив ташқи сиёсати (1939-1941 й.) ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида совет давлатининг жазо чоралари, янгича мафкуравий компаниялар ҳамда ёзувчи ва олимларнинг қатағон қилиниши (XX аср 40-йиллари охири ва 50-йиллари бошлари) ҳамда қатағонларнинг сўнгги тўлқини ҳамда пахта иши ва унинг оқибатлари (1983-1991) ҳақида маълумот берилган.
Китоб 1917 – 1991 йилларда совет ҳокимияти амалга оширган қатағон сиёсати тарихи бўйича сўнгги йилларда яратилган энг йирик тадқиқот бўлиб ҳисобланади. Бу қатағонлар тарихи тўлиқ ўрганиб бўлинди, дегани эмас, албатта. Россия империяси томонидан 150 йил давомида амалга оширилган қатағонлар, геноцидлар, таъқиблар бўйича ўнлаб жилдлик асарлар ёзиш мумкин. Бунинг учун эса архив жамғармалари, кутубхоналарда йиллаб тадқиқотлар олиб бориш, араб имлосини ўқий олиш, рус тилидаги ҳужжатларни таҳлил қилиш билими, кўникмаси ва тажрибасига эга бўлиш керак.
– Қатағон қурбонларини эҳтимолки, ўз даврининг қаҳрамонлари деб атасак, муболаға бўлмас. Улар фаолиятига, ҳаётига оид китоблар, фильмлар, спектакллар кўплаб яратилмоқда. Бу борада тарихчи олима сифатида фикрларингиз кўпчилик учун жуда қизиқ.
– Қатағон қурбонлари нафақат ўз даврининг, балки бугунги кунимизнинг ҳам қаҳрамонларидир. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқотлар олиб бориш, китоблар ёзиш тарихчилар, адабиётшунослар, файласуфлар, ҳуқуқшунослар олдида турган асосий вазифа бўлса, фильмлар ва спектакллар яратиш киночиларимизнинг, санъаткорларимизнинг бурчи, деб ҳисоблайман.
Бир нарсани таъкидлашим керак, ўтган ўн йил ичида ҳукуматимиз томонидан қатағон қурбонлари тарихини ўрганиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фармонлар, қарорлар ва фармойишлар қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида умуммиллий ва эллараро йиғинлар ўтказилиб, китоблар чоп қилинганидан ташқари музейлар ташкил қилиш, бадиий, бадиий-публицистик, ҳужжатли фильмлар яратиш, спектакллар саҳналаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий ва бошқа тараққийпарварларимиз музейларининг ташкил қилиниши, улар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг яратилиши, спектакллар намойиш қилиниши фикримнинг далилидир. Бугун ҳам жараёнлар тўхтаган эмас, яқин вақт ичида халқимиз Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат ҳамда Убайдулла Хўжаевлар ҳаёти ва уларнинг жадидчилик миллий ҳаракати тарихида тутган ўрни ҳақида бадиий-публицистик фильмларни кўриш, хулоса чиқариш ва сабоқ олиш имкониятига, шунингдек, олимларимиз томонидан ёзилган янги рисолалар, асарларни ўқиш бахтига муяссар бўлади.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова
суҳбатлашди.