Қашқадарёлик журналистлар учун маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди
Қашқадарё вилояти Журналистлар уюшмаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгаши билан ҳамкорликда вилоят оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган бир гуруҳ журналистлар учун Жиззах ва Самарқанд вилоятларига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этди.
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат самарадорлигини ошириш, мазмунли дам олиши ва маънавий ҳордиқ чиқариши учун яратилаётган имкониятлар ана шундай ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Саёҳат дастури доирасида ижодкорлар Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган сўлим тоғли ҳудудларга ташриф буюриб, табиат қўйнида маданий ҳордиқ чиқарди. Улар ҳудуддаги замонавий туристик инфратузилма, дам олиш масканлари ҳамда янги барпо этилган объектлар билан яқиндан танишди.

– Саёҳат ниҳоятда ажойиб ва таассуротларга бой ўтди, – дейди “Ишонч” газетасининг вилоят мухбири Баҳодир Ҳалимов. – Биз, ижодкорларга қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз. Энг муҳими, бу саёҳат руҳий тетиклик, янги куч ва ижодий илҳом бағишлади. Бу эса келгусидаги фаолиятимиз самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Иштирокчилар Зомин санаторийси атрофида барпо этилган узунлиги қарийб 2,5 километрлик дор йўли, 150 метр баландликда барпо этилган, Марказий Осиёдаги энг ўзига хос муҳандислик иншоотларидан бири бўлган осма кўприк ҳамда бошқа замонавий туристик иншоотларда бўлиб, у ердаги кўнгилочар дастурларда иштирок этди.
– Ижодкор кўнгил одами бўлади, – дейди фахрий журналист Норбўта Ғозиев. – Озгина эътибор ва ғамхўрлик ҳам унга катта руҳий куч бағишлайди. Бундай саёҳатлар инсоннинг дунёқарашини бойитади, янги ғоялар ва ижодий илҳом манбаи бўлади. Бизга унутилмас таассуротлар улашган ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдирамиз.

Саёҳат давомида журналистлар Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасини ҳам зиёрат қилиб, буюк муҳаддис ҳаёти ва илмий мероси билан танишди. Муқаддас қадамжога ташриф иштирокчиларда чуқур маънавий таассурот қолдирди.
Бундай маънавий-маърифий саёҳатлар журналистларнинг касбий фаолиятида янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш, уларнинг маънавий дунёси ва ижодий салоҳиятини янада бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири