Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи “Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолияти билан танишди
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Н.Хашимова “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамиятида бўлиб, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти билан танишди.
Маълум қилинганидек, корхона йилига 850 минг тонна калий хлорид ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бугунги кунда 2 200 нафардан ортиқ маҳаллий аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлаб келмоқда.
Заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Хитой, Япония, Россия Федерацияси ҳамда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда. Жорий йилда корхона томонидан 3,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун 5,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хомашё ва технологик ускуналар импорт қилиниб, уларга нисбатан 1,3 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Ташриф доирасида корхона раҳбарияти билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда учраётган айрим масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида импорт қилинаётган хомашё ва технологик ускуналарни “импорт” божхона режимида расмийлаштириш жараёнида айрим ҳолларда товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) кодларини нотўғри таснифлаш оқибатида хатоларга йўл қўйилаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи томонидан корхонанинг божхона ишларига масъул ходимлари ва декларантларига амалдаги қонунчилик талаблари, ТИФ ТН кодларини тўғри таснифлаш тартиби ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнида қонунчиликка қатъий риоя этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунида божхона органлари ва корхона ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ҳамда экспорт-импорт операциялари самарадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири