Қашқадарёда ширкатлар тугатиляпти
Қашқадарё вилоятида мавжуд 1 минг 903 кўп квартирали уй 161 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига бириктирилган бўлиб, ушбу уйлардаги умумий жойлар, мавжуд коммуникация тизимлари ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларнинг яхши ҳолатда сақланишини назорат қилиш ҳамда аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатилишини таъминлаш ширкатларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган эди.
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, афсуски, ширкатлар билдирилган ушбу ишончни оқлай олмади. Натижада аҳолининг мажбурий бадаллардан қарздорлиги 3,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Зарур маблағларни ўз вақтида йиғилмаслиги ширкатлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини янада ёмонлашишига олиб келган.
Президентимизнинг 2020 йил 12-13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида қўп квартирали уйлар бошқарув тизимини такомиллаштириш, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани тажрибасидан келиб чиқиб, ширкатлар ўрнига бошқарув компанияларини ташкил этиш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жалб этиш бўйича топшириқ берилганди.
Қонунчиликка мувофиқ, ахоли розилиги билан мавжуд 694 та кўп квартирали уйга хизмат кўрсатаётган 88 та ширкат тугатилиб, 10 та бошқарув сервис компаниясини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилганди. Бугунги кунда ушбу режани амалиётга татбиқ этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган.