Қашқадарёда қутқарув хизмати учун янги имкониятлар яратилмоқда
Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга тезкор жавоб қайтариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида янги қутқарув қисмларининг замонавий маъмурий бинолари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Иншоотларда хизмат ва ўқув хоналари, ётоқхона, спорт заллари, ўқув миноралари ташкил этилган ҳамда замонавий қутқарув ускуналари билан жиҳозланган.
Янги бинолар қутқарувчилар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш, уларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азиз Икрамов иштирок этди.
Тадбир доирасида вазир томонидан Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туман фавқулодда вазиятлар бўлимларига янги замонавий хизмат автомобиллари топширилди.
Янги техника воситалари қутқарув хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг воқеа жойига тезкор етиб бориши, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
[gallery-31190]
Тадбирда фавқулодда вазиятлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, қутқарувчилар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ва замонавий техника билан таъминлаш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди.
Аҳолининг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини ўқитиш маркази замонавий ўқув-машғулот жиҳозлари билан таъминланиб, фойдаланишга топширилди.
Марказда турли тоифадаги аҳолига фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва тўғри қарор қабул қилиш бўйича амалий кўникмалар бериш учун зарур шароитлар яратилган.
Бунёдкорлик ишлари инсон қадрини улуғлаш ва Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган инсонлар хотирасини эъзозлашни ҳам қамраб олмоқда.
Хусусан, Косон туманида хизмат бурчини бажариш чоғида инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган марҳум оддий аскар Элдор Омонтурдиевнинг оиласига барча қулайликларга эга замонавий икки хонали хонадон топширилди.
Қашқадарёда янги қутқарув қисмларининг ташкил этилиши, хизмат автомобиллари билан таъминланиши ва аҳоли учун ўқув марказининг ишга туширилиши фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, аҳоли ҳаёти ва мол-мулкини ишончли муҳофаза қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Мазкур ишлар мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ҳудудда хавфсизлик тизимини такомиллаштириш ва қутқарув хизматининг салоҳиятини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлардан биридир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари