Қашқадарёда «ер ёнгани» ростми?
Ёнғин чиқиши ер эгаси томонидан ўсимлик кесиб ёқилгани натижасида вужудга келган – мутахассис изоҳи.
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Хўжаабдужаббор қишлоғида «ер ёниши» ҳодисаси содир бўлганлиги ҳақида турли фикрлар тарқалди.
ЎзА мухбири айнан шу ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Зиёда Аҳмедова билан телефон орқали боғланди.
Зиёда Аҳмедованинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мутахассислари томонидан жойига бориб ўрганилган.
– Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Хўжаабдужаббор қишлоғида тахминан 20х25м ер майдонида ер ости ёниш ҳодисаси содир бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари маълумотига кўра, кўп йиллар олдин ушбу ҳудудда ботқоқлик, қамишзор ва теракзор бўлиб, йиллар ўтиши билан ботқоқлик тортилиб текис қуруқликка айланган ва устки қисми тупроқ билан қопланган.
Ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида мутахассислар жорий йилнинг 15 декабрь куни ерости қатламининг ёниб бўлган қисми, ёнаётган қисми ва ёниб улгурмаган қисмлари қазиб кўрилди ва ҳудудда қамишзор бўлганлиги, яъни қазилган жойда ер устидан дастлаб 30см дан 70 см гача тупроқ қатлам, 20-50 см торфсимон чўкинди чириндилар қатламидан ташкил топгани аниқланди.
Ушбу майдонда ёнғин чиқиши, ер эгаси томонидан ўсимлик кесиб ёқилгани натижасида вужудга келгани маълум бўлди, – деди Зиёда Аҳмедова.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА