Қашқадарёда эҳтиёжманд оилаларга фоизсиз кредитлар ажратилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди.
Унга кўра, “Ижтимоий реестр”нинг давлат таъминотидаги оилалар тоифасига киритилган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун фоизсиз кредитлар ажратиш белгиланган.
Мазкур тартиб асосида Қашқадарё вилоятида давлат таъминотидаги 959 та эҳтиёжманд оилага фоизсиз кредитлар ажратилди.

Бу маблағлар ҳисобидан кўплаб фуқаролар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, қўшимча даромад манбаи яратишга эришмоқда. Илгари асосан ногиронлик ёки болалар нафақаси ҳисобига кун кечирган айрим оилалар бугунги кунда ўз меҳнати орқали барқарор даромад топмоқда.

Ғузор туманида яшовчи 25 ёшли Жўрабек Азимов ана шундай фуқаролардан бири. Унинг оиласида тўрт нафар аъзога ногиронлик белгиланган. Жўрабек аввалдан устачилик ҳунарини эгаллаб келган бўлса-да, мустақил фаолият бошлаш учун зарур маблаққа эга эмас эди.
Давлат томонидан ажратилган фоизсиз кредит ҳисобидан у керакли асбоб-ускуналарни харид қилди ва ўз устахонасини ташкил этди. Айни пайтда буюртмалар асосида турли маҳсулотлар тайёрлаб, оиласи даромадига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири