Мўйноқда партия фаоллари эътироф этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, партия фракцияси аъзоси Бибихан Утамбетова ҳамда Мўйноқ туман Кенгаши котибияти мудири, партия депутатлик гуруҳи аъзоси Кунсулу Насирова иштирок этиб, табрик сўзларини билдирди.

Таъкидланганидек, 1991 йил 1 ноябрда ташкил этилган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда. Партия фаолиятида ижтимоий адолатни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва инсон қадрини улуғлаш муҳим ўрин тутади.

Тадбир давомида партиянинг тарихий тараққиёт йўли, 35 йиллик фаолияти ва амалга оширилган ишларини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди. Унда партиянинг жамият ҳаётидаги ўрни, электорат манфаатларини ифода этиш ва фуқаролар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятига эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Мўйноқ туманида партия аъзолари сони 3 минг 6 нафарни ташкил этиб, улар меҳнат ва яшаш жойлари бўйича 31 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, Мўйноқ туманидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 1 нафар, туман Кенгашига эса 3 нафар депутат сайланган.
Партиянинг жойлардаги фаолиятида бошланғич ташкилотлар ва депутатлик корпуси муҳим ўрин тутади. Сайловчилар билан доимий мулоқот олиб бориш, аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиш, уларнинг манфаатларини вакиллик органларида илгари суриш ҳамда муаммолар ечимига кўмаклашиш партиянинг амалий натижадорлигини белгилайди.

Тантанали маросимда партия фаолиятини ривожлантириш, партия ғояларини тарғиб этиш ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатиб келаётган мўйноқлик бир гуруҳ партиядошлар эътироф этилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси номидан уларга “Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур тадбир партиянинг 35 йиллик тарихига назар ташлаш, фаоллар меҳнатини қадрлаш ва олдинда турган вазифаларни белгилаш учун муҳим имконият бўлди. Партиянинг кейинги фаолиятида ҳам халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш, депутатлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларни изчил давом эттириш муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири