Қашқадарёда 2027 йил ҳосили учун қарийб 29,8 минг тонна уруғлик дон жамғарилди
Қашқадарё вилоятида 2027 йил ҳосили учун уруғлик дон тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Айни пайтга қадар вилоятда уруғлик донни қайта ишловчи корхоналар томонидан 29 минг 795 тонна уруғлик дон жамғарилди.
Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш марказининг Қашқадарё вилояти филиали ҳамкорлигида Косон туманида ўтказилган пресс-тур давомида маълум қилинди.
Унда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пресс-турнинг дастлабки манзили “Косон дон маҳсулотларини қабул қилиш” МЧЖ бўлди. Журналистларга 2027 йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик донни саралаш, дорилаш ва қадоқлаш жараёнлари намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-109-сонли фармони ижроси доирасида жорий этилган уруғлик дон маҳсулотларини QR-кодли ёрлиқлар билан маркировкалаш тизимининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
[gallery-30792]
Мазкур тизим уруғлик маҳсулотининг келиб чиқиши ва сифат кўрсаткичларини рақамли назорат қилиш, сертификатлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар учун ишончли маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради.
Маълумотларга кўра, айни пайтда жамғарилган уруғлик доннинг 11 минг 255 тоннаси тайёр ҳолатга келтирилган. Шундан 4 минг 362 тоннаси совутгичли сиғимларга жойлаштирилган. 6 минг 230 тонна уруғлик дон QR-кодли ёрлиқлар билан белгиланиб, мувофиқлик сертификатларини олиш учун тақдим этилган.
Маълум қилинишича, уруғлик донни қайта ишловчи корхоналар бўйича энг катта ҳажм “Дунё-М” АЖнинг Шаҳрисабз филиалида 6 минг 300 тонна, “Индорама Агро” МЧЖда 5 минг 811 тонна, “Яккабоғ Бест Сеедс” МЧЖда 3 минг 637 тонна ва “Косон ДМҚҚ” МЧЖда 3 минг 509 тонна уруғлик дон жамғарилган.
Шунингдек, “Қашқадарёдонмаҳсулотлари” АЖда 2 минг 662 тонна, “Кифти-об барака чорва” МЧЖда 2 минг 174 тонна, “Яккабоғ Бест Сеедс” МЧЖнинг Нишон филиалида 1 минг 930 тонна, “Дунё-М” АЖнинг Шакаржўй филиалида 2 минг 598 тонна ва “Хушнудбек Дурбек Омад 555” МЧЖда 1 минг 274 тонна уруғлик дон жамғарилган.
Пресс-тур доирасида журналистлар уруғлик донни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, дорилаш ва сертификатлаш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида 2027 йил ҳосили учун сифатли уруғлик захирасини шакллантириш, унинг сифатини рақамли назорат қилиш ва замонавий технологиялар асосида сертификатлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари