Қашқадарё ёшлари таълим ва интеллектуал мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда
Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Cambridge” имтиҳонларида 98 фоиз натижа билан республикада биринчи бўлди. Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари “Заковат” турнирида ғолиб чиқди.
Косонлик 11-синф ўқувчиси Муроджон Ҳалимов SAT имтиҳонида максимал 1600 баллни қўлга киритди. Давлатимиз раҳбари бундай иқтидорли ёшлар кўплигини, уларга аниқ фанларни хорижий тилларда ўргатиш имконияти яратилса, юқори натижалар ҳар бир туманда бўлишини таъкидлади. Келаси йилдан барча туманларда биттадан мактабда аниқ фанларни чет тилида ўқитиш бошланади.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик ёшлар робототехника бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Йил якунигача ҳар бир туманда робототехника тўгараги очилиб, жиҳозланади. Ҳар йили март ойида ўқувчилар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилади. Биринчи ўрин эгасига 30 миллион, иккинчи ўринга 20 миллион, учинчи ўринга 10 миллион сўм мукофот берилади.
ЎзА