Қашқадарё хабарлари –қисқа сатрларда
Қарши шаҳрининг Ойдин маҳалласида “Бек бинокор умумий сервис” МЧЖ томонидан 135 та хонадонга мўлжалланган 2 та янги тураржой биноси қурилди. Ушбу янги замонавий уйлар вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар иштирокида ўз эгаларига топширилди.
Ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу турар жойнинг 50 та хонадони уларга ажратилди. Бундан ташқари, уй-жойга муҳтож бўлган инсонларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 20 та хонадон субсидия асосида уларга берилди. Бу оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан бири бўлди.
Маълумот ўрнида: бугун Қарши шаҳрида 432 хонадондан иборат 5 та кўп қаватли уйни ўз ичига олган “Яшил замин” тураржой мажмуаси ҳам фойдаланишга топширилди.


***
Мустақиллик байрами арафасида Қарши шаҳрининг Нефтчи маҳалласида тадбиркор Сайёра Вафоева томонидан 50 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти очилди.
Шунингдек, Қиличбек Қўрғонча маҳалласида тадбиркор Шаҳноза Бекмуродова томонидан 25 ўринли оилавий нодавлат таълим ташкилоти ишга туширилди.
Бугунги кунда Қарши шаҳрида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 190 тага етди. Янги оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг очилишида шаҳар ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда маҳаллий фуқаролар йиғинлари масъуллари иштирок этди.

***
Мустақилликнинг 33 йиллиги байрами олдидан Қарши шаҳридаги Чўлқувар маҳалласида жойлашган 11-умумтаълим мактаби янги ўқув биносига эга бўлди. Ушбу 900 ўринли замонавий бино тадбиркор томонидан ҳомийлик асосида қурилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 11 миллиард сўмни ташкил этади.
Янги ўқув биноси 5 қаватдан иборат бўлиб, унда 30 та фан хонаси ва фаоллар зали жойлашган. Ушбу хоналар замонавий ўқув жиҳозлари ва технологиялар билан тўлиқ таъминланган. Ўқув биносининг ташқи қисмида эса ўқувчилар учун махсус спорт майдончалари барпо қилинган. Жумладан, волейбол майдончаси ва мини футбол стадиони ҳам мавжуд.


Мактабнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, шунингдек, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида ушбу янги мактаб биносининг аҳамияти ва таълим жараёнида яратадиган янги имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири