Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Китоб туманида узум ҳосилини йиғиш ишлари ўзининг авж палласига чиқди.
Тумандаги Парчакент маҳалласининг асосий драйвери боғдорчилик ва томорқачилик. Айни вақтда бу ерда 200 гектардан ортиқ токзорларда узум ҳосили йиғиштириб олинмоқда. Шу муносабат билан туман ҳокими Рустам Ғафуров мазкур жараёнлар билан яқиндан танишиш мақсадида маҳаллий деҳқонлар билан мулоқот қилди.
Мулоқот давомида туман раҳбари ҳудудда экспортбоп узум навларини кўпайтириш ва бу орқали аҳоли даромадини янада кўпайтириш бўйича ўзининг бир қатор тавсияларини берди.
Маълумот ўрнида: айни вақтда Китоб туманида фермер хўжаликлари томонидан 3,3 минг гектар майдонда узум етиштирилган бўлиб, бу тармоқда кўплаб аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд бўлмоқда.


***
Қарши шаҳрини ҳар томонлама қулай ва жозибадор қилиш бўйича янги лойиҳалар тақдимотлари ўтказилмоқда.
Лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад шаҳар ҳудудини янада яшилликка буркаш, коммунал соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш учун замонавий технологияларни қўллаш ҳамда “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида аҳолига мос бўлган кўп қаватли уй-жойлар ва маданий дам олиш масканларини қуриш ишларини тизимли ташкил этишдир.
Марказий кўчаларни қайта таъмирлаш, дунё талабларига жавоб берадиган сув спорт комплекси қурилиши каби ўнлаб истиқболли лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг таъкидлашича, мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан воҳа бўйлаб юзлаб ижтимоий объектлар, тураржой бинолари, кўприк ва йўллар фойдаланишга топширилади.


***
Қарши шаҳри марказидаги айрим кўчаларга асфальт ётқизиш ишлари бошланди.
Президентимизнинг 2023 йил 24-25-октябр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган 35-сонли йиғилиш баёнининг тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида 105 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Қарши шаҳрининг 32 километр узунликдаги 6 та марказий – Ислом Каримов, Мустақиллик, Насаф, Алишер Навоий, Амир Темур, Хонобод кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилиши хабар қилинган эди.


Айни пайтда шаҳар марказидаги Амир Темур кўчасига асфальт ётқизиш ишлари бошланиб, бу ерда 60 га яқин махсус техника ишламоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири