Қарздор оталар алимент пулини тўлаб берди
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2021 йил 19 июлдаги қарздор С.Бобоқуловдан ундирувчи З.Қаршиева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ¼ қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ромитан тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.
Қарздор С.Бобоқулов 3 ойдан ортиқ вақт давомида 2 миллион 220 минг 301 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги боис, давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судига юборилди.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар С.Бобоқулов ҳуқуқбузарлик моҳиятини тушуниб етди. Натижада З.Қаршиевага 2 миллион 220 минг 301 сўм алимент пулларини тўлиқ тўлаб берди. С.Бобоқулов жавобгарликдан озод қилинди.
– Бухоро шаҳар бўлимида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2016 йил 4 январдаги қарздор Ҳ.Азамовдан М.Ходжаева фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати юзасидан фарзандлари вояга етгунига қадар 34 миллион 240 минг сўм алимент пуллари ундириб берилди, – дейди Бюронинг Бухоро шаҳар бўлими бошлиғи Дилмурод Собиров.
– Шунингдек, Когон туманида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг 2020 йил 17 майдаги қарздор Х.Рамазоновдан М.Аблаева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 7 миллион 115 минг сўм алимент пуллари тўланди.
Зариф Комилов, ЎзА