Қарздор Ангрен тоғларидан топилди
Қонуний никоҳда бўла туриб, 2021 йилдан бери бир нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаш мажбуриятидан қочиб, боласи таъминотидан бўйин товлаб, охир оқибат узоқларга беркиниш чорасини ўзи учун ягона ечим деб билган шахс ушланди.
Қарздор тоғли ҳудудлардаги дала ҳовлилардан бирида яшаб юргани маълум бўлди. Мажбурий ижро бюросининг Ангрен шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2011 йилдаги суд ижро варақасига асосан қарздор Н.К.дан ундирувчи О.К. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.

Шу бўйича мазкур бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаган ва мажбуриятдан қочиб юргани маълум бўлди. Бюро ходимлари томонидан қўйилган қатъий талабларга қарамай қарздор уч йил давомида муайян яшаш жойидан қочиб, беркиниб юрган. Шу сабаб, унга нисбатан қонуннинг тегишли моддасига асосан қидирув эълон қилинганди.
Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси қидирув гуруҳи ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари давомида жорий йилнинг 19-ноябрь куни қарздор Ангрендаги дала ҳовлилардан бирида топилган. Бу вақт ичида қарздор Н.К. бошқа аёл билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб, фарзандли бўлишга ҳам улгургани очиқланди. Бу ёш оиланинг яшашини кўриб, МИБ ижрочилари ишни шундай ёпиб кетишмади. Қонунан биринчи ва собиқ турмуш ўртоғидан бўлган хотинидан 1 нафар фарзанди учун алимент масаласи қонуний ечим топиши лозим эди.
Маълумот учун айтиш лозимки, қидирувдаги қарздорнинг алиментдан бўлган қарздорлиги 2021-2024 йил ноябрь ойига қадар жами 63 миллион 301 минг 797 сўмни ташкил қилган. Унга нисбатан қонун талаблари асосида тегишли ҳужжатлар тўпланиб, иш ҳужжатлари Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судига юборилган ва суднинг қарори асосида қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
А.Мусаев, ЎзА