Қарз тўланмагач, мулк хатланди
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, суд қарорларининг ўз вақтида ва сўзсиз ижроси таъминланиб келинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юридик шахслар фойдасига 24 мингдан ортиқ ижро ҳужжати бўйича 345 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилиши таъминланган.

Жумладан, қарздор “Т.Ч.П.” МЧЖдан ундирувчи “Қ.” АЖ фойдасига Кармана туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатларига асосан жами 7 миллиард 36 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ундириш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Кармана туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида жамият раҳбари ушбу қарздорликни тўлаш юзасидан бир неча бор огоҳлантирилсада, ўз ишига совуққонлик билан қараган. Натижада қарздор ташкилотнинг банк ҳисобрақамларига электрон инкассо топшириқномалар юборилган ва барча мол-мулклари тақиққа олиниб, хатланган.

Қарздорлик тўланмаганлиги сабабли, “Т.Ч.П.” МЧЖга тегишли Нурота туманида жойлашган “Интенсив боғ ҳамда ёрдамчи бинолар” 22 миллиард 186 миллион 665 минг сўмга баҳоланиб, электрон онлайн аукцион савдосига сотиш учун чиқарилди.
Сотувдан тушган маблағ қарздорликни қоплаш учуна йўналтирилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири