Қаршидаги Темирйўлчи ёшлар маркази девори қулаб тушди
Куни кеча тинимсиз ёмғир ёғиши натижасида Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги автотураргоҳлардан бири томининг автомобиллар устига қулагани ҳақидаги видео хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Дастлабки хабарларда мазкур автотураргоҳ Қарши шаҳридаги Темирйўлчи ёшлар маркази биносининг орт томонида бўлгани маълум қилинаркан, ҳолатни ўрганиш мақсадида манзилда бўлдик.
Воқеа жойига етиб борганимизда девор остида қолган машиналар аллақачон чиқариб олиб кетилган, ходимлар тураргоҳнинг зарар кўрган қисмида тозалаш ишларини олиб бораётган экан.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, мазкур автотураргоҳ қурилганига кўп бўлмаган. Автотураргоҳ марказ биноси деворига яқин ўрнаштирилган. Аммо Темирйўлчи ёшлар маркази биносининг қурилганига бир асрдан ошгани ҳисобга олинмаган. Йиллар давомида марказ деворини мустаҳкамлаш учун таъмирлаш, реконструкция ишлари олиб борилмаган. Ёғингарчиликнинг кучайиши ортидан девор мувозанати бузилиб, автураргоҳ том қисмига қулаган. Қулаган девор юкини кўтара олмаган автотураргоҳ томи остидаги машиналарни босиб қолган. Натижада машиналарга жиддий зарар етган.
[gallery-16378]
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2024 йил 12 март куни соат 14:39 ларда вилоят ФВБнинг қисқа рақамига Қарши шаҳар “Нақшаб” МФЙ, И.Каримов кўчасида жойлашган, 1919 йилда қурилган Темирйўлчи ёшлар марказининг девори ёғингарчилик оқибатида қулаганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган. Воқеа жойига тегишли бўлинма етиб келган. Аниқланишича, Темир йўлчи ёшлар маркази биносининг орқа томонидаги фойдаланилмайдиган 2 та хонасининг хомғиштдан қилинган 60 квадрат метр ҳажмдаги девори унга ёндош қурилган автотураргоҳга қулаб тушган ва автотураргоҳда турган 4 та енгил автомобилни босиб қолган.
Яхшиямки, девор қулаган пайтда машиналар шунчаки қолдириб кетилган ва уларнинг ичида фуқаролар бўлмаган. Шу боис девор қулашидан ҳеч кимга зарар етмаган. Автотураргоҳнинг қурилиш меъёрларига жавоб бериши ёки қонуний- ноқонунийлиги билан боғлиқ саволларимизга темир йўл масъулларидан тайинли жавоб ололмадик.
Ҳозир ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири