Қаршида “Одил судлов – 2030” стратегияси мазмун-моҳияти тушунтирилди
Қарши шаҳрида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Б.Диёров томонидан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, 2026 йил 21 апрелдаги “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1141-сонли қонуни билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда суд раиси янги ҳужжатларда белгиланган вазифалар, уларнинг фуқаролар ва тадбиркорлар учун аҳамияти ҳақида сўз юритиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Таъкидланганидек, “Одил судлов – 2030” стратегияси доирасида суд қарорларининг бир хиллигини таъминлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Жумладан, 2027 йил 1 августдан Олий суд Раёсати муайян ишлар бўйича қабул қилган қарорларни “Прецедентлар реестри”га киритиш тизими йўлга қўйилади. Ўхшаш низоларни кўриб чиқишда қуйи судлар ушбу реестрдаги қарорларга таяниши белгиланмоқда.
Шунингдек, 2027 йил 1 июлдан республикада бешта ҳудудлараро тафтиш суди ташкил этилади. Улар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё ҳудудларида фаолият юритади. Янги тизим қуйи судлар қарорларини тафтиш тартибида мустақил судлар томонидан қайта кўриб чиқилишини таъминлайди.

Стратегияда суд хизматларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Рақамли суд” концепцияси доирасида судларга ариза ва даъволарни электрон шаклда тақдим этиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, давлат божларини онлайн ҳисоблаш ва тўлаш каби имкониятларни кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, суд мажлислари баённомаларини овозни матнга автоматик айлантириш технологияси асосида шакллантириш режалаштирилмоқда.
Учрашувда ЎРҚ-1141-сонли қонун билан ҳакамлик судлари фаолиятига киритилган ўзгартишлар ҳам тушунтирилди. Унга кўра, ер, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш, шунингдек, бюджет маблағлари, давлат органлари ва ташкилотлари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда маҳалла органларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ айрим низоларни ҳакамлик судларида кўриб чиқишга йўл қўйилмайди.

Қонун билан давлат харидлари соҳасида ҳам қатор янги талаблар белгиланган. Хусусан, давлат харидлари доирасида тузилган шартномаларни тегишли ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказиш мажбурий этиб белгиланган. Шунингдек, низони медитация тартибида ҳал қилишда қатнашган медиаторнинг кейинчалик шу низо бўйича судда вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликларни аҳолига кенг тушунтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу куни тиббиёт маркази биносида фуқаролар учун қулайлик яратиш ва суд муҳокамаларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири