Қарши шаҳрида замонавий турар-жой мажмуаси фойдаланишга топширилди
Қарши шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида “Yuksalish Group” компанияси томонидан барпо этилган замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, мутасадди раҳбарлар, қурилиш компанияси вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди. Тадбир давомида меҳмонлар хонадонларда аҳоли учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди.
Вилоят ҳокими сўзга чиқиб, янги хонадон соҳибларини қутлар экан, аҳолининг муносиб уй-жой билан таъминланиши мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, қурилиш ишларини сифатли амалга оширгани учун “Yuksalish Group” компанияси раҳбари Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа қурилишига бир йил аввал старт берилган бўлиб, ҳозирга қадар 702 та хонадонга мўлжалланган 7 та кўп қаватли уй тўлиқ барпо этилди. Шу тариқа янги турар-жой мажмуасидаги дастлабки хонадонлар ўз эгаларига топширилди.
[gallery-30472]
Таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий шаҳарсозлик муҳитини шакллантириш ҳамда ҳудудларнинг инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА