Қарор ва ижро: Электротехника саноатини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди
Мамлакатимизда электротехника саноатини технологик жиҳатдан ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва тармоқ корхоналарининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 сентябрдаги “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ҳужжатда тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни рағбатлантириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ механизмлар белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмасида ҳам амалий ишлар бошланган. Бу ҳақда уюшма ахборот хизмати масъул ходими Сирожиддин Бўриев иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланганидек, қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмасида махсус Ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ҳар бир вазифа ва механизм бўйича алоҳида назорат режаси ишлаб чиқилиб, масъуллар ҳамда ижро муддатлари белгилаб олинган. Қарор ижросининг бориши мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Шу билан бирга, тармоқ корхоналари билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Корхоналарнинг айланма маблағ, хомашё таъминоти, инвестиция жалб қилиш ва маҳаллийлаштириш билан боғлиқ эҳтиёжлари ўрганилиб, уларнинг қарорда назарда тутилган имкониятлардан самарали фойдаланишига амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Қарорнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга кенг тушунтириш мақсадида ахборот-тушунтириш ишлари ҳам кучайтирилди. Ҳудудлар ва тармоқ корхоналари иштирокида ўқув семинарлари, очиқ мулоқотлар ва амалий учрашувлар ташкил этилиб, қарорда назарда тутилган молиявий механизмлар, имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиш тартиби тушунтирилмоқда.
Бундан ташқари, банклар, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда корхоналарнинг инвестиция лойиҳалари ва молиявий эҳтиёжларини шакллантириш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш истагида бўлган тадбиркорларни аниқлаш, маҳаллийлаштириш учун таклиф этиладиган маҳсулот ва бутловчи қисмларни белгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Масъул ходим Сирожиддин Бўриевнинг таъкидлашича, қарорда белгиланган имкониятларнинг самараси уларнинг корхоналар ва тадбиркорлар фаолиятига амалда татбиқ этилиши билан намоён бўлади.
– Бизнинг асосий вазифамиз қарорда белгиланган имконият ва механизмларни ҳар бир корхона ҳамда тадбиркорга етказиш, улардан фойдаланишда амалий кўмак бериш ва натижада бу имкониятларни реал ишлаб чиқариш кўрсаткичларига айлантиришдир. Бунинг учун корхоналар билан манзилли ишлаш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди С.Бўриев.
Брифингда қайд этилганидек, қарор ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар электротехника саноатида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, инвестиция фаоллигини рағбатлантириш ва тармоқ корхоналарининг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА