Қарор ижроси муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева иштирокида мажлис бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор асосида қабул қилинган уч йиллик ривожланиш дастури ижроси устидан Парламент назоратини ташкил этиш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Сенат аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари билан ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб таҳлилий ўрганишлар мунтазам ўтказилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида нафақат назорат тадбирлари амалга оширилмоқда, балки, тадбиркорлар ва аҳоли фаоллари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Хабибуллаев маълумот берди.
Дастурга мувофиқ 2020-2023 йилларда 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва 17 719 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Жорий йил 1 июнь ҳолатига 912 та лойиҳа ишга туширилиб, 7249 та янги иш ўрни яратилди. Шу жумладан, 2021 йил январь-май ойларида 113 та лойиҳани амалга ошириш орқали 2597 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 110 та лойиҳа ишга туширилди ва 2322 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Тадбирда шунингдек “Маҳаллабай” ишлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири биринчи ўринбосари М.Аҳмедова маълумот берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи томонидан Амударё, Беруний, Бўзатов, Кегайли, Тахтакўпир, Шуманой, Элликқалъа туманларида секторларнинг бу борадаги ишлари ўрганилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича шаҳар ва туманларнинг ишчи гуруҳлари томонидан 350 минг нафарга яқин хотин-қизнинг ҳолати ўрганилган. Унинг натижаси бўйича Қорақалпоғистон Республикасида жами 24 минг 519 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, бугунги кунга 23 минг 300 нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилган. Шундан 9 минг 710 нафари “Аёллар дафтари”дан чиқарилган.
Тадбирда амалга оширилган кенг кўламли ишлар билан бирга йўл қўйилаётган айрим камчиликлар қайд этилди. Масъул вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларга кечиктирилаётган лойиҳаларни ишга тушириш чораларини кўриш топширилди.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган сенаторлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларига қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий лойиҳаларнинг ўз муддатида ишга тушиши устидан қатъий парламент назоратини янада кучайтириш, ҳар ойда амалга оширилган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ҳисоботини тинглашни йўлга қўйиш белгиланди. Шунингдек, муддатида ишга туширилмаган лойиҳалар юзасидан тегишли масъул ташкилотларга депутатлик сўровларини юбориш, ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий лойиҳаларга ажратилаётган давлат ва маҳаллий бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, аҳоли ўртасида тарғибот ва оммавий ахборот воситаларида кенг қамровли ёритиш ишларини олиб бориш тавсия этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
[gallery-2774]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА