Қардош халқлар ёш тарихчилари бир мақсад йўлида бирлашди
Тарихга қизиққан, ўтмишни ўрганишга интилган ёшларни бир мақсад атрофида жамлаган «Ёш тарихчилар 5-ёзги ўқишлари» халқаро йиғини ўз ишини якунлади.
Бир ҳафта давомида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган ёш тарихчилар бирга ўқиди, баҳслашди, фикр алмашди ва янги дўстлар орттирди.
Иштирокчилар Турон тарихининг турли даврлари ва масалалари бўйича ўтказилган дарслар, маҳорат сабоқлари, баҳс-мунозаралар ҳамда очиқ суҳбатларда қатнашди. Ёшлар ўзаро билим ва тажриба алмашиб, тарихни ўрганишнинг турли йўллари ҳақида фикр юритди.

Тадбир давомида қардош халқлар ёшлари ўртасидаги дўстлик ва яқинлик янада мустаҳкамланди. Йиғин қатнашчилари Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш тарихчилари уюшмасини тузиш тўғрисида келишиб олди. Ушбу уюшма орқали ёш тарихчилар ўртасидаги алоқаларни доимий йўлга қўйиш, биргаликда тарих ўрганиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, учрашув ва ёзги ўқишларни мунтазам ўтказиш кўзда тутилди.
Йиғиннинг ёпилишида қатнашчиларга ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Иштирокчи ёшлар ўз халқларининг қўшиқ ва куйларини ижро этиб, шеърлар ўқиди. Бу чиқишлар йиғиннинг дўстлик ва қардошлик руҳини янада кучайтирди.
Н.Раҳмонова, ЎзА