Қишки юкламага энергетика қувватлари тайёрми?
Энергетика тизимининг барқарор ишлаши, аввало, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ва асосий технологик ускуналарнинг мавсумга қай даражада тайёр эканига боғлиқ. Айниқса, куз-қиш даврида электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талаб ортиши тизимдаги ҳар бир энергоблок, қозон агрегати ва ёрдамчи ускунанинг ишончли ишлашини таъминлашни тақозо этади.
Шу сабабли, 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида мамлакат энергетика тизими объектларида таъмирлаш, техник кўрик ва ускуналар ишончлилигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда нафақат асосий энергетик қурилмалар, балки уларнинг ёрдамчи тизимларида ҳам зарур таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга ошириляпти. Таъмирлаш ишлари якунлари бўйича иссиқлик электр станцияларида қўшимча 182 МВт электр ва 200 Гкал/соат иссиқлик қувватини тиклаш кўзда тутилган.
Пойтахтдаги иссиқлик таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида Тошкент иссиқлик марказида ҳам кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, айни пайтда 1-сон иссиқлик марказининг 4-қозон агрегатида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Озод Охуновнинг таъкидлашича, узлуксиз ишлайдиган иссиқлик энергияси қурилмаларининг техник ҳолатини яхшилаш, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларни барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлаш ушбу ишлардан кўзланган асосий мақсадлардан ҳисобланади.
– Айни пайтда таъмирлаш ишлари белгиланган режа асосида жадал давом эттирилмоқда. Бу жараёнга малакали мутахассислар, жумладан, “Ўзбекэнерготaъмир” АЖ ходимлари ҳам жалб этилган. Асосий эътибор, аввало, энергетик ускуналарнинг техник ҳолатини яхшилаш ва уларнинг ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган.
“Тошкент ИЭС” АЖнинг 9-энергоблокида ҳам жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, турбогенераторнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида генератор статор чулғамини тиклаш ишлари бажарилмоқда. Бу каби ишлар энергоблокнинг куз-қиш мавсумида узлуксиз ишлашини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини ошириш ва технологик ускуналарнинг ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди О.Охунов.
“Тошкент ИЭС”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик фақат таъмирлаш ишлари билан чекланиб қолмаяпти. Корхонада асосий технологик ускуналарнинг техник ҳолати, чанг-газ тозалаш ва фильтрлаш тизимларининг ишлаши ҳам назоратдан ўтказилмоқда. Жорий йил август ойида ўтказилган ўрганишларда станциянинг 9 ва 10-энергоблокларида янги фильтрлаш ускуналарини қуриш жараёни ҳам кўриб чиқилган.
Шунингдек, “Ангрен ИЭС” АЖнинг 10-сонли энергоблокида ҳам 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишларни 25 сентябрга қадар якунлаш режалаштирилган.
Айни пайтда энергоблокнинг асосий ва ёрдамчи ускуналарининг техник ҳолатини яхшилаш, уларнинг ишончли ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
–Умуман, бугунги кунда энергия истеъмоли ҳажмининг ортиб бораётгани энергетика тизими олдига мавсумга янада пухта тайёргарлик кўриш вазифасини қўймоқда. Жорий йилда мамлакатда электр энергияси истеъмолининг юқори кўрсаткичлари қайд этилди. Хусусан, 13 июль куни ёзги электр энергияси истеъмоли 284 миллион кВт·соатга етиб, қишки максимум кўрсаткичдан ҳам юқори бўлди.
Мазкур кўрсаткичлар энергияга бўлган талабнинг йилдан-йилга ошиб бораётганини, ўз навбатида, ишлаб чиқариш қувватларини мавсумий юкламага тайёрлаш муҳимлигини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, энергетика объектларида таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини сифатли ташкил этиш нафақат алоҳида корхона, балки бутун энергетика тизимининг барқарор ишлаши учун муҳим аҳамият касб этади, – дея таъкидлади О.Охунов.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА