Қандай тоифадаги ерларни хусусийлаштириш мумкин?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилнинг 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратовнинг қайд этишича, мазкур қарор билан 1 та регламент ҳамда 2 та низом тасдиқланди. Ушбу қарор билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар хусусийлаштирилиши белгиланган. Буларга юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари киради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари ҳам хусусийлаштиришлиши кўзда тутилган.
Хусусийлаштириш учун қаерга мурожаат қилинади ва қанча тўлов қилинади?
Ўзига тегишли ерни хусусийлаштириш бўйича Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинади. Бир марталик тўлов юридик ва жисмоний шахслар учун сотиб олиш қийматини аниқлашда ўша кунда белгиланган базавий солиқ ставкасининг 20 баравари этиб белгиланган.
Ўзига тегишли ерни хусусийлаштириш жараёни 22 иш кунигача бўлган муддатда, бўш ерлар аукцион орқали сотиб олинганда 16 иш кунигача бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини хусусийлаштирса бўладими?
– Йўқ бундай ерлар хусусийлаштирилмайди. Бу “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида белгиланган.
Фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари) хусусийлаштирилмайди.
Шунингдек, хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари, қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари — махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда, кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек, кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек, юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА