Қаллибек Камалов: бир асрлик ҳаёт солномаси
Инсон умрининг ҳақиқий қиймати унинг яшаган йиллари билан эмас, эл-юрт ҳаётида қолдирган изи, ўз зиммасига юкланган масъулиятни қандай адо этгани билан белгиланади. Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг бир асрлик ҳаёт йўли ҳам ана шундай мазмунли тақдирлар сирасига киради.
2026 йилда Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 мартдаги қарори билан юбилей муносабати билан қатор тадбирларни ташкил этиш, унинг ҳаёти ва фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, хотирасини абадийлаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Бу сана нафақат бир инсоннинг таваллуд айёмини ёдга олиш, балки Қорақалпоғистон тарихида муҳим ўрин тутган давлат арбобининг ҳаёт йўли ва юрт тараққиёти йўлида амалга оширган ишларини яна бир бор ёдга олиш имконидир.
Қаллибек Камалов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлаб, ҳарбий хизматни ўтагач, 1955 йилда Нукус давлат университетини битирган.
Унинг меҳнат фаолияти ёшлар ташкилотида бошланган. Кейинги йилларда Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалиги вазири, автомобиль транспорти ва автомобиль йўллари вазири каби масъул вазифаларда фаолият юритди.
1963 йили у Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинланди.
Унинг раҳбарлик йилларида Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.
Қаллибек Камаловнинг бевосита раҳбарлигида пахтачилик, ғаллачилик ва чорвачилик тармоқларини ривожлантиришга, саноат корхоналари фаолиятини кенгайтиришга, ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга эътибор қаратилди. Ҳудудда янги имкониятларни ишга солиш, аҳоли учун зарур шароитларни яхшилаш масалалари давлат бошқарувидаги устувор вазифалардан бўлди.
– Қисқа вақт ичида Республикада қурилиш трестлари сони 18 тага етказилиб, улар иштирокида кўплаб саноат ва ижтимоий объектлар барпо этилди, – дейди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Низанов. – Шифохона ва тиббиёт муассасалари, санаторийлардан тортиб, меҳмонхона, театр ва аэропортга қадар муҳим иншоотларнинг қурилиши ҳудуд қиёфасини ўзгартирди. Шунингдек, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, электр тармоқларини кенгайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Натижада Қорақалпоғистонда электр энергияси етказиб берилмаган қишлоқ ва хонадон қолмагани қайд этилади.
Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган бу ишлар ҳудуд тараққиётининг кейинги босқичлари учун ҳам муҳим замин яратди.
Шунингдек, арбоб жамоатчилик ишларида фаол иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгашига раҳбарлик қилиб, кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ёш авлод тарбиясига эътибор қаратиш борасида иш олиб борди.
Айниқса, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш унинг жамоатчилик фаолиятида муҳим ўрин тутди.
Кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланди. Қаллибек Камалов “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
2026 йил 11 февраль куни Қаллибек Камалов 100 ёшида вафот этди.
Бугун унинг таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар атоқли давлат ва жамоат арбобининг хотирасини ёд этиш, унинг сермазмун ҳаёт йўли ва юрт тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилмоқда.
Юбилей доирасида Нукус шаҳрида хотира тадбирлари, “Уч авлод учрашуви”, илмий-амалий конференциялар ва давра суҳбатлари ўтказилиши, Қаллибек Камаловнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм ҳамда китоб-альбом тайёрланиши белгиланган. У яшаган хонадонга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган.
Бир асрлик умр бир инсон ҳаётининг ўзи эмас, балки у мансуб бўлган авлод, юрт ва давр билан боғлиқ катта бир тарихдир. Қаллибек Камаловнинг ҳаёт йўли ҳам Қорақалпоғистон тараққиётининг муҳим босқичлари билан уйғун кечди.
Унинг хотираси халққа хизмат қилиш, юрт равнақи ва эл манфаати йўлида меҳнат қилган инсонларни қадрлаш туйғуси билан яшайди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА