Қалбаки ёғ ишлаб чиқарган яширин цех фош этилди
Озиқ-овқат хавфсизлиги — инсон саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Афсуски, тезроқ даромад орттириш илинжида айрим шахслар одамлар ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйишдан ҳам тап тортмаяпти. Бухоро вилоятида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам ана шундай ноқонуний фаолиятнинг аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Департаментнинг Когон тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқараётган яширин цех фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, “Э.” фермер хўжалиги раҳбари Э.Ё. Когон туманидаги “Хўжа Якшанба” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бинода қўлбола усулда ясалган мой жувоз ускуналаридан фойдаланиб, санитария ва хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган шароитда истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқариб келган.
Текширув жараёнида мазкур ноқонуний ишлаб чиқариш цехидан 102 килограмм истеъмолга яроқсиз ёғ, 351 килограмм чигит, 26,9 тонна пахта, 2 дона мой жувоз ускунаси ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулот ва жиҳозлар ашёвий далил сифатида расмий тартибда олиб қўйилди.
Мутахассислар таъкидлашича, назоратсиз ва антисанитар шароитда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши, турли заҳарланишлар ҳамда оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, бундай ноқонуний фаолиятларга қарши кескин чоралар кўрилиши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-2-моддаси — чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Инсон саломатлиги эвазига бойлик орттиришга уриниш ҳеч қачон оқланмайди. Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солувчи бундай ноқонуний фаолиятларнинг ўз вақтида фош этилиши нафақат қонун устуворлигини таъминлайди, балки юзлаб инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини эҳтимолий хавфдан асраб қолишга хизмат қилади. Бу каби ҳолатлар эса ҳар бир ишлаб чиқарувчи учун қонун ва масъулият талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири