Қалами ва қиличи бирдек ўткир шоҳ
Аждодларимиз азал-азалдан дунёга маънавият ва маърифат улашиб келган. Ҳаттоки, юрт эгалари ҳисобланмиш шоҳлар ҳам ўз навбатида юксак илм соҳиблари бўлишган. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Хусусан, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ бобокалонларимиз фикримизнинг далили.
Қувонарлиси, давлатчилигимизнинг яқин тарихида ҳам бундай илмли ва маърифатпарвар шоҳлар анъанаси бузилмай келди. Шулардан бири Хива хони Абулғози Баҳодирхондир. Барча шоҳлар каби унинг ҳам қисмати машаққатли кечган. Қариндошлари билан низолар, бир қанча тутқунлик ва ўзга юртлардан паноҳ излаб боришлар Абулғози Баҳодирхоннинг иродасини синдиролмади.
Узоқ давом этган ҳокимият учун олиб борилган машаққатли курашлардан сўнг 1644 йил у тахтга чиқишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш йўлида бир қанча ислоҳотларга бошчилик қилди.
Эътиборлиси шуки, ҳамиша серғалва ўтган умрига қарамай, Абулғози Баҳодирхон ўзидан етарлича илмий мерос қолдиришни ҳам уддалай олди. У тарихчи олим сифатида "Шажарайи тарокима" ва "Шажарайи турк" асарларини ёзишга муваффақ бўлган бўлса, тиббиёт илмига оид "Манофиъул инсон" ("Инсонга фойдали нарсалар") номли асар ҳам ёзишга эришди. Таъкидлаш жоизки, унинг "Шажарайи тарокима" ва "Шажарайи турк" асарлари Ўзбекистон ва Марказий осиё тарихига доир энг қимматли манбалар сарасига киради.
Мазкур асарлар нафақат Марказий осиё халқлари тарихи, балки маданияти, тили ва давлатчилик сиёсати ҳақида ҳам муҳим маълумотлар олиш имконини беради. Бундан ташқари, бугунги кунда ҳам ушбу асарларнинг қиймати юқори саналади. Негаки, мазкур манбалар бошқа соҳалар ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, тилшунослик ва адабиётшунослик шулар жумласидан. Зотан, муаллиф ҳам ўз асарида тарих ва адабиёт илмини пухта ўзлаштирганини, маснавий, ғазал ва рубоий каби лирик жанрларни мукаммал ўрганганини таъкидлаган.
Хулоса қилиб айтганда бундай аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганар эканмиз, албатта, қалбимизда чексиз ифтихор туямиз. Аммо фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки ўзимизда улкам масъулият ҳис этмоғимиз, муҳаббатимиз ва меҳнатимиз эвазига ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилишимиз талаб этилади.
Шундагина юртбошимиз илгари сураётган улкан ташаббуслар ва янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичида томошабин эмас, иштирокчи бўлишга эришамиз. Бу йўлда эса улуғ аждодлар ҳаёти бизга ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Шербек Исломов,
ЎзА