Қаҳрамонлар жасорати унутилмайди
Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва инсонлар ҳаётини қутқариш йўлида ўз жонини фидо қилган мард ўғлонларнинг хотираси эл қалбида абадий яшайди.
Шунга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва қутқарувчи ходимларнинг оила аъзоларидан хабар олинди.

Самимий суҳбатлар давомида марҳумларнинг ибратли ҳаёт йўли, эл-юрт хавфсизлиги йўлида кўрсатган жасорати ва фидойилиги ҳақида сўз юритилиб, уларнинг порлоқ хотираси ёд этилди. Ташриф давомида оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган бундай ходимларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш ҳамда уларнинг яқинларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат ва вазирлик раҳбариятининг доимий эътиборидадир.

Инсонлар ҳаётини асраб қолиш учун олов ва сув ичига қўрқмай кирган, аммо ўз хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ФВВ ходимларининг номлари ва кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди.
Г.Бобоева, ЎзА