Қаҳрамон хотираси ёдга олинди
Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, Совет иттифоқи қаҳрамони Ғулом Ёқубов хотирасига бағишланган “Сенинг жасоратинг мангу” деб номланган онлайн очиқ дарс бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон ва Беларусь элчихоналари ташаббуси билан “Онлайн-телекўприк” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда элчихоналар, Ўзбекистондаги Беларусь, Беларусдаги Ўзбек миллий маданий марказлари, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, шунингдек, Минск шаҳридаги Ғулом Ёқубов номли 36-мактаб, Могилёв вилояти Бихов туманидаги 1-мактаб, Тошкент шаҳридаги 210-, 145-, Асака туманидаги 26-умумтаълим ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Асака тумани ихтисослаштирилган мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Очиқ дарс тадбирини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатия маркази директори Қобилжон Собиров олиб борди.
Тадбирда ўзбек ва Беларусь халқлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик муносабатлари, хусусан, Иккинчи жаҳон урушида Беларусь ерларини фашизмдан озод этишда ўзбек аскарларининг иштироки, мардлиги ҳақида сўз юритилди.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида биргина Андижон вилоятидан 97,5 минг нафардан зиёд йигитлар қатнашган. Урушдан 43,5 минг нафар андижонлик йигит юртига қайтмади. Улар жанггоҳларда ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Фронтдан 54 минг нафардан зиёд андижонлик йигитларнинг 40 минг нафардан ортиғи ногирон бўлиб қайтган.
Совет армияси сафларида фашизмга қарши олиб борилган курашда андижонлик жангчилар мардлик, жасорат намуналарини кўрсатган. Урушда Останақул Шокиров, Осман Яқубов, Абдулазиз Йўлдошев, Тўхтасин Мирзаев, Ғулом Ёқубов, Сульги Лутфуллин сингари андижонлик жангчилар ўша даврнинг энг юксак мукофоти – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган бўлса, яна минглаб андижонликлар турли орден ва медаллар билан тақдирланган.
Жумладан, Асака тумани Мирзаобод қишлоғида туғилиб ўсган Ғулом Ёқубов ҳам Совет иттифоқи қаҳрамони, деган юксак унвонга сазовор бўлган юртдошларимиздан бири эди. У 1937-1940 йилларда армия сафида хизмат қилиб, 1939-1940 йилларда бўлиб ўтган совет-фин урушида қатнашди. 1940 йилда уйига қайтган Ғулом Ёқубов 1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланиши муносабати билан яна ҳарбий хизматга чақирилади.

У ҳарбий офицерлар тайёрлаш курсини тамомлаб, 1942 йилнинг сентябрида 2-Белоруссия фронти 156-ўқчи дивизияси 556-ўқчи полкининг автоматчилар ротаси взвод командири лавозимида хизматни давом эттирди.
1944 йилнинг ёзига келиб, капитан Ғуломжон Ёқубов 556-ўқчи полкининг автоматчилар ротаси командири сифатида Белоруссияни фашистлардан тозалаш жангларида мардлик намуналарини кўрсатди.
1944 йилнинг 24 июнига ўтар кечаси капитан Ғуломжон Ёқубовнинг автоматчилар ротаси Белоруссиянинг Лудчица қишлоғи ҳудудида душман мудофасини ёриб кирди, фашистларнинг учта траншеясини ишғол килиб, ўта муҳим тепаликни эгаллади. Полкнинг бошқа бўлинмаларидан ажралиб қолган автоматчилар ротасига қарши душман йирик кучларини ташлади, рота командири Ғуломжон Ёқубов бошчилигида аскарлар 20 соат давомида, яъни ёрдам кучлари келгунига қадар куч жиҳатдан устун бўлган душман ҳужумларини кайтарди. Рота катта талафотлар кўрди, лекин эгаллаган тепаликни матонат билан ушлаб турди. Мана шу жангда капитан Ғуломжон Ёқубов қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Жангларда кўрсатган мардлиги ва жасурлиги учун у ўлимидан кейин юксак унвон билан тақдирланди.
Онлайн очиқ дарс давомида иштирокчилар Ғуломжон Ёқубовнинг ана шу қаҳрамонликлари ҳақида гапирди. Унинг қисқа, лекин мазмунли ҳаёти, жасорати авлодларга ҳамиша ибрат эканлиги таъкидланди.
– Дарс жараёнида, тошкентлик, беларуслик тенгдошларимиз билан мулоқотда қаҳрамон бобомиз Ғуломжон Ёқубов, унинг жасорати ҳақида кўп нарсаларни билиб олдик, – дейди Асака туманидаги 26-умумтаълим мактаби 11- синф ўқувчиси Зебунисо Собирова. – Беларусь халқи, ёшлари томонидан бобомиз хотирасига юксак ҳурмат кўрсатилаётганидан қалбимиз фахрга тўлди. Ғуломжон Ёқубов сингари қаҳрамон аждодларимиз билан ҳамиша фахрланамиз.
Қизиқарли мулоқотлар асосида ўтган очиқ дарс, айниқса, ўқувчи ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири