Қаҳрамон ўғлон хотираси яна бир бор ёд этилди
Жасорат вақт танламайди. Ватан ҳимояси йўлида қилинган фидойилик эса йиллар ўтса-да, халқ хотирасидан ўчмайди. Сирдарё туманида ана шундай мард ўғлон — Ватан ҳимояси йўлида ўз жонини фидо қилган катта сержант Эломон Отажонов хотираси яна бир бор ёд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган учрашувда қаҳрамоннинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши вакиллари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Учрашув давомида марҳум ҳарбий хизматчининг оила аъзоларига «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Бу эътироф нафақат қаҳрамон хотирасига, балки унинг оиласига кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ҳам ифодаси бўлди.

Мулоқотда Эломон Отажоновнинг Ватан ҳимоясидаги жасорати, ҳарбий қасамёдига садоқати ва ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритилди. Оила аъзолари билан суҳбатда унинг инсон сифатидаги фазилатлари, меҳрибонлиги, яқинларига ғамхўрлиги, устоз ва сафдошларига ҳурмати ҳақида илиқ хотиралар ёдга олинди.
— Эломон Отажонов Ватан ҳимояси оддий хизмат вазифаси эмас, балки муқаддас бурч эканини ўз ҳаёти ва жасорати билан исботлади. У нафақат жанговар вазиятда мардлик ва жасорат кўрсатди, балки ҳарбий қасамёди, сафдошлари ва энг муҳими, Ватанга бўлган садоқатини сўнгги нафасига қадар сақлади. Бундай қаҳрамонлар жасоратини ёд этиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир, — дейди тадбирда иштирок этган Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.

Эломон Отажонов 1978 йил 17 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги Тараққиёт маҳалласида таваллуд топган. Ёшлигидан меҳнатсеварлиги, билимга интилиши ва спортга қизиқиши билан тенгдошларидан ажралиб турган. Мактабни тамомлагач, меҳнат фаолияти билан шуғулланган, кейинчалик муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўз ҳаётини ҳарбий хизмат билан боғлашга қарор қилган. Ҳарбий либос унинг учун шунчаки касб эмас, Ватан олдидаги юксак масъулият эди. Хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган Эломон Отажонов жасорати, матонати ва ҳарбий маҳорати билан сафдошлари орасида ҳурмат қозонган.
2000 йил 11 август куни Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳудудида бўлиб ўтган жанговар ҳаракатларда катта сержант Эломон Отажонов Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлди. У кўрсатган жасорати учун вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Унинг умри қисқа бўлди. Аммо бу қисқа умр ортида катта жасорат, муқаддас бурчга садоқат ва Ватанга муҳаббат қолди. Бугун орадан йиллар ўтганига қарамай, Эломон Отажоновнинг номи ва жасорати унутилгани йўқ.

Қаҳрамон хотираси у таҳсил олган мактабда ҳам эъзозланиб келинмоқда. Бу ерда хотира бурчаги ташкил этилган, бюсти ўрнатилган. Ёшларга Эломон Отажоновнинг ҳаёт йўли, ҳарбий хизмати ва Ватан ҳимоясидаги жасорати ҳақида маълумотлар бериб келинмоқда.
Зеро, қаҳрамонларни ёд этиш — фақат ўтмишни эслаш эмас. Бу бугунги авлодга Ватан, бурч ва садоқат тушунчаларининг ҳақиқий маъносини англатишдир. Тинчликнинг қадрини билиш, юрт осойишталигини асраш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш каби фазилатлар ана шундай ибратли ҳаётлар мисолида ёшлар қалбига сингдирилади.

Эломон Отажоновнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай ибрат мактабидир. У ўз бурчига содиқ қолди ва сўнгги нафасига қадар Ватан ҳимоясини муқаддас вазифа деб билди. Унинг жасорати оиласи учун фахр, сафдошлари учун хотира, ёш авлод учун эса ибрат бўлиб қолмоқда.
Ватан учун фидо қилинган умр қисқа бўлиши мумкин. Аммо унинг мазмуни, жасорати ва хотираси йиллар оша яшайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири