Ижтимоий тармоқда яширин реклама учун жавобгарлик борлигини биласизми?
Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Кундалик янгиликлар, турли тавсиялар, маҳсулот ва хизматлар ҳақидаги маълумотларни айнан ижтимоий тармоқлар орқали оляпмиз.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ва реклама берувчилар ҳам ўз маҳсулот ва хизматларини кенг аудиторияга етказиш учун блогерлар, каналлар ва бошқа оммабоп платформалардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.
Бироқ реклама оддий ахборотдан фарқли равишда қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жойлаштирилиши керак. Айниқса, фойдаланувчи кўраётган материал реклама эканини аниқ билиши муҳим.
Шу сабабли ижтимоий тармоқда пост, видео ёки бошқа материал жойлаштираётганда “бу реклама эканини кўрсатиш керакми?” деган саволга эътибор қаратиш лозим.
“Реклама тўғрисида”ги қонунда рекламани тарқатиш ва идентификация қилишга оид талаблар белгиланган.
Ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, мазмуни Ўзбекистон ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот – реклама ҳисобланади (Қонуннинг 5-моддаси).
Рекламани бошқа ахборотдан “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан ажратган ҳолда жойлаштириш лозим. Шунингдек, таҳлилий мақолалар, шарҳлар, фикрлар, мулоҳазалардан тижорат мақсади кўзланган бўлса, уларни ҳам реклама сифатида белгилаб, аниқ кўрсатиш талаб этилади.
Аммо баъзи ҳолатларда ахборот тарқатишда суиистеъмолликларга йўл қўйилиб, оддий ахборот материалидан реклама ахборотини ажратиб турувчи “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси кўрсатилмаяпти. Бу эса реклама идентификациясига оид талабларнинг бузилишига олиб келиши мумкин.
Рақобат қўмитаси томонидан ўтган вақт давомида “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан 20 дан ортиқ ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган гуруҳ ва канал маъмурлари (админлари), блогер, вайнер ва бошқа тармоқ фаолларига тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
Рақобат қўмитаси барча ОАВлар, ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган гуруҳ ва канал маъмурлари (админлари), блогер, вайнер ва бошқа тармоқ фаолларини кенг жамоатчиликка ахборотларни тайёрлаш ва тарқатишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш лозимлигини эслатиб ўтди ҳамда юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда чора кўрилиши бўйича огоҳлантирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА