«Қаҳрамон акамни келтириб беринглар!»
Бир қарашда бу аёл кўп ҳам эътиборни тортмайди. Бошқа қариялар каби кўзлари маъюс, нигоҳлари ер сузади. Истараси иссиқ бу аёлни Самарқанд шаҳридаги «Саховат уйи»да учратдик. Учрашувда иштирок этаётган масъуллардан опа «Қаҳрамон акамни олиб келиб беринглар», дея илтимос қилиб турган эканлар.


Малика аяни ҳазил-ҳузул аралаш, секин суҳбатга тортдик. Ая узоқ йиллар ип йигириш фабрикасида меҳнат қилган бўлиб, доимий нам шароитда ишлашдан бўғинларини шамоллатиб қўяди. Аввалига оғриган оёқлар, кейин юрмай қолади. Доимий оғриқлар элликларга яқинлашиб қолганда, тўшакка михланиб қолган аянинг жонига азоб берарди. Энг ёмони бошқалар парваришига муҳтож бўлиб қолди.
– Ота-онам ўтиб кетишгач, куним опамга қолган эди, – дея эслайди Малика. – Жиянларим ёш, опам ишга қатнайди ҳам менга қарайди. Касал бўлганингиздан кейин атрофдагиларга малол келгандай бўларкансиз. Менда ҳам шу ҳолат бўлди ва яқинларимга оғирлигим тушмаслиги учун қариялар уйида яшаш учун ҳужжатларимни тайёрладим. 2017 йилда Наманганда жой бўлмагани учун Андижон вилоятидаги «Саховат уйи»га чақиришди.
Келдим, аввалига ўргана олмай қийналдим. Тўғриси, феълим оғирроқ, одамовироқ бўлганим учун унча-бунча одам билан чиқиша олмасдим. Бундай вақтда китоблар менга овунчоқ эди. Ўқишни ёқтирганим боис, кутубхонадан чиқмасдим. Шу ерда узоқ кутганим – бахтимни учратдим. Қаҳрамон ака ҳам менга ўхшаб, шу манзилда яшар эканлар. Дунёқараши менга жуда ёқди. Биз ўқиган асарларимизни, улардаги бош қаҳрамонларни кутубхонада ўтириб, соатлаб муҳокама қилардик. Шу тариқа оила қуришга қарор қилдик.
Малика ая ва Қаҳрамон бобонинг бу қарори хушхабар сифатида «Саховат уйи»да тарқалиб, уларнинг яқинларига ҳам етиб борди. Малика аянинг тоғаю, холалари, қариндошлари учун ихчамгина тўй ташкил этилди. Қаҳрамон аканинг учта қизидан иккитаси Россияга ишлагани кетган учун тўйда иштирок этишмади.
Шу тариқа «Саховат уйи»да оила қурганлар сони яна биттага кўпайди.
Бир-бирига дардкаш инсонлар, бир бутун бўлиб яшаётган кунларни бирида, яъни икки йил аввал Қаҳрамон бобонинг юраги оғриб, инфаркт бўлиб қолди. Қизлари ўзимиз қараймиз, даволатамиз, дея отасини уйга олиб кетишди. Малика аянинг бўғим оғриқлари кучайгандан-кучайиб боргани учун Самарқанд шаҳрига кўчирилди.
Самарқанднинг ҳавосими ёки бошқа сабабми Малика ая оёққа турди. Бировнинг ёрдамисиз, ўзи бемалол юради, сайр қилади. Бу ердаги одамларга мослашди. Қаҳрамон бобо ҳам оёққа туриб, Андижондаги «Саховат уйи»га қайтди.
Мана икки йилдирки, орадаги минглаб километр масофа уларни ажратиб турибди.
– Биргина овунчоғим китоб ва мобил телефон, – дейди Малика ая. – Оёғимдаги оғриқ узоқ йўл юришимга имкон бермайди. Бу ерда керакли муолажаларни олиб турганим боис тик оёқда юрибман. Бу ердан кетгим йўқ, шу боис Қаҳрамон акани бу ёққа кўчириб беришларини сўраб ариза ёздим. Ҳеч бир камчилик йўқ, Қаҳрамон акани олиб келиб берсаларингиз бўлгани қолган ҳаммаси зўр .
Биз «Саховат уйи» директори Сурайё Жаватовага қараймиз, Малика аяга кўмак беришнинг имкони борми? Албатта, дейди С. Ниятжонова. Якка ёлғиз инсонлар ҳамиша давлатимиз ҳимоясида, эътиборида, эъзозида. Бу ерда яшаётган отахону онахонларнинг ҳар бирини тақдири, кечмиши бир китоб бўлгудек. Малика аянинг илтимосига ҳам ечим топамиз, 150 кишига мўлжалланган муассасимизда ҳозирда 148 нафар кексага хизмат кўрсатилмоқда. Демак, Қаҳрамон бобони бемалол қабул қилсак бўлади.
Бир қараганда, бу манзилни ўзлари учун бошпана қилиб танлаган қарияларнинг ҳеч бир ғами, ташвиши йўқ. Бир кунда беш маҳал овқат, таомларнинг ҳаммаси уйда қилинадиган, ўзбекча овқатлар ва ҳаммага бир хил. Спорт билан шуғулланиш учун барча жиҳозлар ва қулайликлар мавжуд. Сузиш ҳавзалари, физиотерапия хоналари ҳамиша шай ҳолатда, ҳамширалар ширинсухан. Аммо... инсон минг бир дарду, ташвишларга чидаб, меҳр-муҳаббат билан бола боққанидан не фойда, агар кексайганда ёлғиз қоладиган бўлса? Атрофида фарзандлари. набиралари хизматга бел боғлаб турмаса?
Шу ўринда қайсидир манбада ўқиганим «Таёқнинг икки томони бор. Бир томони билан урсанг, иккинчи томони ўзингга тегади. Физик олим Нютоннинг тортишиш қонуни бор: Кимга қанча куч билан зарб берсанг, сенга шунча акс-садо қайтиб келади. Бу қайтар дунё. Охирини ўйлаб иш қилиш керак» сўзлари ёдимга келди.
Сайёра Шоева