Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев барчани Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 33 йиллиги билан муборакбод этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан оширишга эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён қилишида, жамиятнинг ривожланишида тил муҳим аҳамият касб этиб, тил – халқнинг тарихини, урф-одат ҳамда дастурларини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинаси ҳисобланади.
Техника-технология жадал ривожланиб, ҳар хил ёт ғоялар миллий мафкурамизга хавф солаётган бугунги кунда она тилимизни асраб-авайлаш ва унинг луғавий бойлигини ошириш долзарб вазифалардан саналади. Шу боис юртимизда давлат тилини янада ривожлантиришга, уни янада бойитиш ва соф ҳолида келажак авлодга етказишга, она тилимизни севишга ва янада ардоқлашга, унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-9230]
Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ҳар томонлама билимли, салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашга, ўқитувчи-мураббийларни қўллаб-қувватлашга, соҳа вакилларини маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, ҳозиргидек глобаллашув даврида она тилимизни соф ҳолида сақлаш ва уни келажак авлодга безавол етказишда ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА