Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Сурхондарё вилоятида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланмоқда.
Вилоятнинг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.
Майдонда эрта тонгдан давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳамда бошқа олий, ўрта махсус таълим ва умумтаълим мактаби профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, ўқувчилар жамул-жам бўлди.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!”, деган эзгу ғоя асосида ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокими ўринбосари И.Сапаров, Термиз давлат университети профессори П.Бакиров, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Алламуродов, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Шикибо Самадий ва бошқа сўзга чиқиб, ўзбек тилининг дунёдаги энг жозибадор, энг бой мулоқот воситаси эканини алоҳида таъкидлади. Маҳмуд Қошғарий қаламига мансуб жаҳондаги илк лексикологик луғат ҳам айнан ўзбек тилида ёзилганини фахр билан қайд этди. Мамлакатимизда мустақилликкача қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг тилимизни асраб-авайлаш ва нуфузини оширишдаги аҳамияти ҳамда кейинги йилларда қаратилаётган юксак эътибор ҳақида фикр алмашди.

–Тил миллат кўзгуси, – дейди Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Обид Шофиев. – Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддатли кечаётган ҳозирги пайтда ўзбек тилига чексиз ҳурмат ва меҳр билан ёндашиш нафақат тилшунослар, адиблар ёки шоирлар балки, барчанинг муқаддас бурчидир. Тилимизнинг жозибадорлигини сақлаб қолишда ёш авлоднинг ҳам ўрни беқиёсдир. Сўнгги йилларда бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри санъаткорлари она тилимиз улуғланган саҳна асарларидан парчалар намойиш этди. Ҳазрати Навоий, Бобур ва бошқа шоирларнинг ғазаллари асосида яратилган мумтоз қўшиқлар куйланди.
Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА