Қадринг баланд бўлаверсин, она тилим!
“Навоийуран” давлат корхонасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 34 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда мазкур корхонада ҳам масъул раҳбарлар ва ишчи-ходимларга давлат тилини чуқур ўрганиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбек тили байрами кунини кенг нишонлаш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар, таниқли олимлар билан давра суҳбатлари, семинарлар ташкил қилиниши бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.

– Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўзбек тилида иш юритиш соҳасида бир қатор вазифалари қўйилган, – дейди Навоий давлат педагогика институти доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Наврўз Раҳмонов. – Бугун “Навоийуран” давлат корхонасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам ўзбек тили нуфузини ошириш бўйича қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти бўйича атрофлича маълумот бердик. Корхонада турли миллат вакиллари фаолият юритишига қарамасдан, она тилимизга бўлган муносабат жуда қувонарли. Тарғибот материаллари ва ўзаро ҳужжат айланиш тизими ҳам қонунчиликка мувофиқ жорий этилган. Бу ўзбек тилимизнинг мавқеини амалий жиҳатдан янада мустаҳкамлашга бир мисол. Шунингдек, биз олим сифатида маълум бир илмий-тадқиқот ишларини бевосита ишлаб чиқариш корхоналари билан боғлаган ҳолда олиб боришни ўзимизга режа қилиб олдик. Ўйлайманки, бугунги учрашувимиз доимий ҳамкорликка айланади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Сўнгги йилларда ўзбек тилининг нуфузини халқаро майдонларда янада ошириш, халқимиз орасида соф ўзбек тили қоидаларини кенг жорий этиш бўйича аниқ-чора-тадбирлар белгиланиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, тилимизнинг янгидан-янги қирралари кашф этилаяпти.

Хусусан, “Навоийуран” давлат корхонасида ҳам сана муносабати билан ишчи-ходимлар орасида оммавий диктант ёзиш тадбирлари ўтказилмоқда. Она тилимизни улуғловчи тарғибот материаллари тайёрланиб, ёш мутахассислар ҳамда ишчи-ходимлар ўртасида "Тил билимдонлари" интеллектуал ўйинлари ташкил этилмоқда.

– Бугунги тадбирда она тилимиз ҳақида ўзимизга керакли қўшимча маълумотларга эга бўлдик, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик, – дейди “Навоийуран” давлат корхонаси бошқармаси ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошлиғи Наргиза Кенжаева. – Корхонамизда барча ички электрон ҳужжат айланиш тизими лотин ёзувига асосланган ўзбек тилига ўтказилган. Ёзишмалар ҳам тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Шунингдек, мутахассислар жалб этилиб, турли семинар-тренинглар ўтказилмоқда ва ишчи-ходимларнинг давлат тилида иш юритиши бўйича билим ва малакалари оширилмоқда.

Корхонанинг таркибий бўлинмаларида ҳам турли ижодий кечалар, мушоиралар, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳамда буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишлаб тадбирлар ташкил этилаётгани ҳам ёшларга давлат тилининг бойлиги ва нафис жозибасини тўлақонли етказиш, давлат тилини янада ривожлантириш ҳамда унга бўлган муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири