Қадимий тангаларни олиб чиқиш ҳолати аниқланди
“Нукус – Москва” йўналиши бўйича учиб кетиш учун “Нукус-аэропорт” чегара божхона постига келган Туркманистон фуқароси божхона кўригидан ўтказилди.
Жараёнида йўловчига тегишли бўлган, декларацияланмаган ҳамда оғзаки сўровда ҳам маълум қилинмаган қадимий тангалар ва пул бирликлари аниқланди. Хусусан, қўл юкида 1924 йилда ишлаб чиқарилган “Один полтинник” тангаси, 1970 йилга оид “Сто лет со дня рождения В.И.Ленина” эсдалик тангаси, 1961 йил ишлаб чиқарилган “Пять рублей” банкноти (15 дона), 1961 йил ишлаб чиқарилган “Двадцать пять рублей” банкноти (5 дона) борлиги маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда, бошқа фуқаро юклари кўздан кечирилганда, божхона назоратига тақдим этилмаган 1 дона 1967 йил ишлаб чиқарилган “15 копейки” ёзувли танга, 1 дона 1936 йил ишлаб чиқарилган “10 копеек” ёзувли танга, 1 дона 1974 йил ишлаб чиқарилган “2 копейки” ёзувли танга, 1 дона 1932 йил ишлаб чиқарилган “15 копейки” ёзувли танга, 3 дона эски Хитой тангасига ўхшаш танга, 1 дона Тайланд бат қадимий тангалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда божхона бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасидан маданий бойликларни олиб чиқиб кетиш қонун билан қатъий тартибга солинган. Қадимий буюмлар, археологик топилмалар, санъат асарлари, қўлёзмалар ва тарихий аҳамиятга эга бошқа ашёларни махсус рухсатномасиз мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланади.
Бундай буюмларни олиб чиқиш фақат ваколатли органларнинг экспертиза хулосаси ва расмий рухсатномаси асосида амалга оширилиши мумкин. Божхона назоратида эса барча шубҳали маданий қийматга эга ашёлар текширувдан ўтказилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.