Қадимий ҳунарга янгича сайқал
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани Бердақ номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Нагима Сметуллаева миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб, уларни ёш авлодга ўргатиб келаётган моҳир ҳунармандлардан бири.
У бир неча йилдан буён қорақалпоқ халқининг қадимий ҳунарларидан бири — каштачилик билан шуғулланади. Миллий нақшлар билан безатилган либослар, турли буюмлар ва ҳунармандчилик намуналарини яратиб келмоқда.
Нагима Сметуллаева асосий касби бўйича педагог. У Чимбой туманидаги ихтисослаштирилган мактабда тасвирий ва амалий санъат фанидан дарс беради. Ўқувчиларга санъат сирларини ўргатиш билан бирга, уларнинг миллий ҳунармандчиликка бўлган қизиқишини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Ҳунарманд каштачиликдан ташқари, қуроқ кўрпачалар тикиш, турли эсдалик буюмлари ва сувенирлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Сўнгги йилларда мисдан миллий тақинчоқлар ясашни ҳам ўзлаштириб, фаолият йўналишларини кенгайтирди.
Жорий йилда Тошкент шаҳрида «HAMROH» хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси томонидан ташкил этилган тренингда иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмаларини оширди. Шунингдек, фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Мазкур маблағ янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўналтирилмоқда.
[gallery-32338]
Нагима Сметуллаева ўз маҳоратини бошқаларга ҳам ўргатиб келмоқда. Хусусан, маҳалладаги бир нечта ишсиз хотин-қизга каштачилик ва бошқа ҳунармандчилик йўналишлари бўйича сабоқ беряпти.
Шу тариқа у миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш билан бирга, хотин-қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши ҳамда даромад топишига кўмаклашмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА