Фармацевтика ходимлари куни белгиланиши кутилмоқда
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ҳамда “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Сенаторлар қайд этганидек, фармацевтика ходимлари кунини белгилашга қаратилган қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиришлар фармацевтика ходимларининг меҳнатини муносиб эътироф этиш, уларнинг касбий нуфузини ошириш ҳамда фаолиятини рағбатлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида қонунни маъқуллаш бўйича қўмита хулосасини Сенат кенгашига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

“Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш, улар устидан давлат назоратини кучайтириш ҳамда наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Қонунда давлат органларининг ваколатлари ва ўзаро ҳамкорлигини белгилаш, гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга чалинган шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш масалалари назарда тутилмоқда.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар томонидан қонуннинг айрим нормалари юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Билдирилган таклиф ва тавсияларни атрофлича ўрганиш, қонуннинг айрим нормаларига аниқлик киритиш ҳамда уни қўшимча кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА