Қадим Ипак йўлининг аҳамияти тикланмоқда
Айни кунларда Туркиянинг Игдир шаҳрида "Ипак йўли қайта туғилиши" мавзусидаги халқаро Кавказ конгресси бўлиб ўтяпти.
Анжуманда тарихий Ипак йўлини қайта тиклаш, Зангезур йўлагининг минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларидаги ўрни, Ўрта йўлакни ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилиняпти. Президентлар Режеп Таййип Эрдоған ва Илҳом Алиев конгресс иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Конгрессда Турк давлатлари билан алоқа бўйича раҳбар Куршад Зорлу иштирок этиб, минтақавий ҳамкорлик, транспорт ва энергетика йўлаклари, Кавказда тинчликни таъминлаш мавзулари қамраб олинган нутқ сўзлади.
Зорлу тарихий Ипак йўлининг замонавий давомийлиги сифатида баҳолар экан, Ўрта йўлакнинг Хитойдан Европагача бўлган савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини кенгайтиришдаги аҳамиятини таъкидлади. Унинг фикрича, Туркия ва Озарбайжон стратегик ҳамкорлиги минтақа чегараларидан чиқиб, геостратегик ва геоиқтисодий аҳамият касб этмоқда. Озарбайжон Боку порти, Боку – Тбилиси – Карс темир йўли ва умумий энергетика тармоғи орқали Каспий минтақасини Анадолу билан боғлаяпти. Туркия ушбу йўналишни Ғарбга узайтиришида муҳим ўрин тутади.
Хитой ва Европа савдо айланмаси салоҳияти қарийб 800 миллиард доллар. Ўрта йўлак шу имконият марказида жойлашган. Маълумотга кўра, денгиз орқали 45 кунгача давом этадиган Хитой – Европа юк ташиш жараёни темир йўлда 18 кунгача қисқаради. 2025 йил Боку – Тбилиси – Карс темир йўлида юк ташиш ҳажми олти баробар ошган, Боку порти юк айланмаси 40 фоиз кўпайган. Қозоғистон ҳам жорий йил шу йўлак орқали ташиладиган юк миқдорини 4,5 миллион тоннадан 7 миллион тоннага етказди.
Таъкидланишича, 224 километрлик Карс – Игдир – Дилужу – Нахчивон темир йўли қурилиши якунланиб, Игдир Зангезур йўлаги билан боғлангач, минтақавий транспорт алоқаси янада ривожланади.
Турк давлатлари жаҳон газ захирасининг қарийб 11 фоизига эга. Туркия ҳудудидан жаҳон энергетика оқимининг тахминан 5 фоизи ўтади. Ўрта йўлак тўлиқ ишга тушса, бу кўрсаткич 10 фоиз кўтарилади.
Эксперт Кавказда барқарор тинчлик ўрнатилиши минтақавий лойиҳалар амалга оширилишининг муҳим шарти эканини таъкидлади. Шунингдек, “Террорсиз Туркия” ташаббусини минтақавий тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган дадил қадам сифатида баҳолади. Сўзи якунида Куршад Зорлу халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда бундай анжуманлар беқиёс аҳамият касб этишини айтиб, навбатдаги учрашувни Нахчивонда ўтказиш таклифини билдирди.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия