Австралия бошланғич мактабларида планшет тақиқланади
Болалар учун ижтимоий тармоққа федерал чеклов қўйилгандан сўнг Жанубий Австралия ҳукумати штат мактабларидаги бошланғич синфлардан планшет ва ноутбукни олиб ташлаш, юқори синфлар учун ҳафталик экрансиз кунни синовдан ўтказишга қарор қилди. ABC телерадиокорпорацияси шундай хабар тарқатди.
Тақиқ 2027 йил барча штат бошланғич мактабларида кучга киради ва мактабгача таълим муассасаларидан иккинчи синфгача бўлган ўқувчиларга нисбатан қўлланади. 3-6 синфлар учун 10 мактабда 6 ой давомида ҳафтасига бир экрансиз кун жорий этилади. Ногирон ёки махсус таълимга эҳтиёжи борлар учун истисно мавжуд.
Чеклов сабаби қўл ёзуви кўникмасини ривожлантириш истаги билан боғлиқ. 3-4 синф ўқувчилари учун алоҳида қўл ёзуви дастури жорий этилади.
Шунингдек, расмийлар болалар ўз қурилмасини синфга олиб келиш амалиётини босқичма-босқич тўхтатишни режа қилган. Бунинг ўрнига мактаб томонидан берилган, штат Таълим департаменти хавфсизлик тизимига уланган мосламалар тарқатилади.
Австралияда болалар ижтимоий тармоқдан фойдаланишига оид федерал чеклов 2025 йил 10 декабрдан кучга кирган. Мазкур тартибга бўйсунадиган платформалар 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг саҳифа очиши ёки юритишига йўл қўймаслик учун оқилона чора кўриши шарт.
С.Раҳимов, ЎзА