Пухта тайёргарлик – мўл ҳосил гарови
Бухорода масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Buxoro Agrocluster” пахта-тўқимачилик кластерининг Вобкент тумани, “Работоҳун” маҳалла фуқаролар йиғинидаги корхонасига тегишли “Бухоро Агромарказ” (собиқ “Вобкент пахта қабул қилиш пункти”)да 2023 йил баҳорги экиш техникаларини мавсумга тайёрлаш ва шу билан бирга, экин зараркунандаларига қарши курашишда биолабораториялар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва мавсумга тайёрлаш бўйича вилоят кўргазмали ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Туманлардаги агрокластерлар ва уларнинг масъуллари, агроинспекция мутасаддилари ва фермерлар, шунингдек, агрокомплексга тегишли корхона ва ташкилотлар, биолабораториялар ва улар жамоалари қатнашган семинарни вилоят ҳокими ўринбосари Амрилло Назаров олиб борди.
Таъкидланганидек, вилоятимиз фермер хўжаликлари миришкорлари, дала соҳиблари якунланган йил кеч кузида тупроқ унумдорлигини ошириш, гектарлар маҳсулдорлигини кўтариш мақсадида вилоят миқёсида жами 120 минг 547 гектар ерни чуқур шудгор қилиб, ҳар бир контурда чел-марзаларини талабга мувофиқ олиб, сув йўллари, ариқ-зовурларни тозалаш каби ишлардан кейин ер “шўрини ювиш”, албатта, ирригация ва мелиорация агротехник тадбирларга эътиборни кучайтирган. Бу каби агротехник тадбирларда экин ерини биргина чуқур шудгорлаш жараёнида 584 та юқори унумли ҳайдов агрегати — “CASE”, “Magnum”, “MX–1200”, “Orion” каби хориж техникалари кучидан фойдаланилгани, меъёр талабига мувофиқ, тупроқ ости 45 сантиметргача ҳайдалгани — жорий йил қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим шартидир. Бироқ мураккаб иқлим ва об-ҳаво шароити деҳқонларимиздан омилкорлик билан иш кўриш, техника ва механизмларни кўрикдан ўтказиб, таъмирдан чиқариш ва ўз вақтида ҳозирлашни тақозо этмоқда.

Кўргазмали ўқув-амалий семинарида сўз олган вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов экишда иштирок этадиган техника ва механизмлар таъмири, моддий-техник имкониятлар хусусида тўхталди. Қайд этилганидек, жорий йил деҳқончилик мавсуми аввалида собиқ “Бухоро Агросервис МТП” ва унинг айни пайтда жойларда пахтачилик ва тўқимачилик кластерлари тасарруфига ўтказилган техника парклари томонидан чигит экиш мавсумида қатнашадиган мавжуд 289 дона экишгич, шунингдек, мавжуд 2 мингтадан ортиқ ҳайдов ва чопиқ трактори, 400 тадан ортиқ культиватор, 477 та чизель, 12 минг 200 тадан ортиқ борона механизмларини қайта техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш, шай қилиш зарур.
Бу жараёнда туманлардаги кўп тармоқли – масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Merganteks”, “Parvoz Humo Ravnaq Trans”, “Bahor Chanse Textile”, “Buxoro Zarhal teks”, “WBM Romitex”, “BCT Cluster Agrocompleks”, “Buxoro Agrocluster”, “ARK Еco textile”, “Agrocluster R-tex Qorako’l”, “Яккатут ғаллачилик ва уруғчилик агрокластери” каби таъминотчи буюртмачи субъектларнинг ўрни ва хизмати катта, албатта.
Шу билан бирга, семинарда айни кунда вилоятда фаолият олиб бораётган 35 та биолаборатория ишини жадаллаштириш, агрокластерларнинг мазкур субъектлар олдида йиғилиб қолган жами 998 миллион сўмга тенг қарзини қоплаш, уларда меҳнат қилаётган жамоа иш ҳақи ва моддий имкониятларини ошириш баробарида ишлаб чиқариладиган фойдали ҳашаротлар учун арпа, зарур хом ашё ва минералларни талаб даражасида ғамлаш юзасидан қатор тавсиялар ишлаб чиқилди. Тармоқ ходимларига ҳосил кушандалари бўлган кўсак қурти, қандала, вильт ва бошқа зараркунандаларга қарши биологик курашишда лабораториялар фаолиятини ошириш, олтинкўз, бракон ва трихограмма каби фойдали ҳашаротларни кўпайтириш талаби қўйилди.
Кўргазмали семинар қатнашчилари шу ерда иш юритаётган “Buxoro Agrocluster” МЧЖга қарашли “BIOKURASHCHI” ширкат хўжалиги лабораторияси, қолаверса, томчилатиб суғориш технологиясида қўлланилаётган резина шлангларни қайта ишлаш цехи фаолияти билан таништирилди.
– Шу кунларда “Buxoro Agrocluster” МЧЖ тасарруфига ўтказилган туман қишлоқ хўжалик техникалари паркида жорий йил экишда ва ҳосилни йиғиб-териб олишда фойдаланиладиган 275 та чопиқ трактори, 275 та культиватор, 1 минг 482 та барона, 50 та чизель, 39 та чигит экишгич, аграр тармоқда кенг фойдаланилаётган 26 та лазерли ер текислаш агрегати, шунингдек, 16 та пуркагич, 24 та “НРУ–0,5” русумли минерал ўғит сепгич аппарати техник кўрикдан ўтказилиб, таъмирталаблари тахт қилинмоқда, – дейди Агроинспекциянинг туман бўлими катта инспектори Зариф Орзиев. – Бу жараёнда фермер хўжаликлари учун пахтачилик ва тўқимачилик кластери томонидан ташкил этилган, ҳар бирида ўндан ортиқ, яъни темирчи, чилангар, пайвандловчи, автоген устаси ва бўёқчи каби мутахассисларга эга икки бригада яқиндан кўмаклашмоқда. Улар мадади билан қишлоқ хўжалиги техникалари паркида 80 та замонавий русумдаги трактор, 22 та юқори унумли комбайннинг айни кунда техник созлиги мутахассислар кўригидан ўтказилиб, нуқсон ва камчиликлар бартараф қилинмоқда. Айни кунда эса таъмирлашга тушган техникалар хатловдан ўтказилиб, уларга жами 22 турдаги бутловчи ва эҳтиёт қисм зарурати юзасидан “Buxoro Agrocluster” МЧЖ га далолатнома киритилган.
Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли идоралар ва масъуллар томонидан жойларда қишлоқ хўжалиги техника ва мавжуд механизмларини мавсумга шай қилиш юзасидан зарур тавсия ва топшириқлар берилиб, жараёнда эҳтиёт қисм, ёқилғи-мойлаш маҳсулоти ва молиявий таъминот масалаларини конструктив ҳал қилиш бўйича ҳар бир туманда юқоридаги каби кўргазмали ўқув-амалий семинарлари ташкил қилинмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА