“Пушти октябрь”: кўкрак бези саратони – аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик касаллик
Юртимизда кўкрак бези саратони профилактикасига бағишланган ойлик бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хотин-қизларни акцияда фаол иштирок этишга чорламоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,4 миллионга яқин аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилмоқда. Ўсиш суръати сақланиб қолса, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 38 фоизга, ўлим даражаси эса 68 фоизга ошиши мумкин.
1993 йилдан буён бутун дунёда ўтказиб келинаётган “Пушти октябрь” ойлиги кўкрак бези саратони, унинг профилактикаси ва касалликни эрта аниқлаш имконияти ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш ҳамда ундан даволанаётган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистонда ҳам кўкрак бези саратони аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик касаллик ҳисобланади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу хасталикни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарори билан 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланган. Ҳужжатда аёлларни профилактик тиббий кўрик билан қамраб олиш, маммография текширувларини ривожлантириш ҳамда скрининг натижасида аниқланган онкологик касалликларни ташхислаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, юртимизда ҳар йили 1,5 миллион нафарга яқин 45-65 ёшдаги аёлларни маммографик текширувлар билан қамраб олиш чоралари кўриляпти. Шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида онконазорат хоналари ташкил этилди. Мобил ва стационар маммографлар иши икки сменада йўлга қўйилди.
Бу йилги “Пушти октябрь” акцияси доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Жумладан, кенг жамоатчилик иштирокида югуриш марафони, беморлар ва уларнинг яқинлари учун оммавий йога машғулотлари, малакали мутахассислар иштирокида бепул консультация ва текширувлар ўтказилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда республикамизнинг бошқа ҳудудларида тиббиёт ходимлари учун кўкрак бези саратони профилактикаси, беморлар билан мулоқот қилиш қоидалари ва уларни зарур текширувларга йўналтириш юзасидан маҳорат дарслари ташкил этилади.
14 октябрь куни эса соҳа мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва халқаро экспертлар иштирокида анжуман бўлиб ўтади.
Сана муносабати билан soglomoktabr.cancercenter.uz сайти ишга туширилиб, у орқали юртдошларимиз ўзбек, рус ва инглиз тилларида касаллик белгилари, диагностика имкониятлари ҳақида маълумот ва зарур тавсиялар олиши ҳамда шифокор қабулига ёзилиши мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА