Психологлар билим ва тажриба оширди
Андижонда “Халқ таълими тизимидаги психологик хизмат йўналишида инновацион ёндашувни жорий этиш” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан ҳудудларда умумтаълим мактаблари психологлари иштирокида форум, семинарлар ўтказилмоқда.
Марказ мутахассислари, туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари масъуллари ҳамда умумтаълим мактаблари психологлари иштирокида Марҳамат туманида ташкил этилган форумда мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-9794]
Форумда ўқувчиларни касб-ҳунарга қизиқтириш сирлари, замонавий касблар, мазкур йўналишдаги янги иш услублари бўйича мутахассислар томонидан психологлар учун маҳорат дарслари ўтказилди, маърузалар ўқилди. Иштирокчилар маърузалар, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Машғулотлар жараёнида психологлар ўз фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича кенг маълумотлар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди, билим, малака ва тажрибаларини янада бойитди. Якунда ўқув йили давомида ўқувчи-ёшлар билан ишлашда фаоллик кўрсатган, ташаббускор бир гуруҳ мактаб психологлари республика Ташхис маркази ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА