Профилактика тинч, тўкин турмуш кафолати
Сурхондарё вилоятида воҳанинг криминоген вазияти оғир маҳаллалари вакиллари учун ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини оширишга бағишланган сайёр ўқув машғулотлари бошланди.
ИИБ академияси профессор-ўқитувчилари, давлат ҳокимияти ва идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, жамоат ташкилотлари мутасаддилари қизиқарли маърузалари билан иштирок этаётган машғулотларда ижтимоий профилактиканинг мазмун-моҳияти, фуқаролар билан ишлашда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш механизмлари, “маҳалла еттилиги” вакилларининг ижтимоий профилактика объектлари билан амалга оширадиган чора-тадбирлари, ҳужжатларни юритиш тартиблари хусусида атрофлича маълумот бермоқда.


Термиз муҳандислик технология институтида бўлиб ўтган сайёр ўқув машғулотида вилоятнинг еттита тумани сектор раҳбарлари, “қизил тоифа”га киритилган 27 та “маҳалла еттилиги” қатнашди.
Унда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, подполковник М.Болтаев ва бошқалар кейинги йилларда маҳаллаларда жиноятларни жиловлаб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Аҳолининг тинч, осуда ҳаётини таъминлаш учун “маҳалла еттилиги”нинг вазифалари, маҳаллаларда аҳоли кайфиятига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, “қизил тоифа”даги ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш хусусида фикр алмашди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликларининг ўтган йил 30 мартдаги қўшма қарорига мувофиқ вилоятда жорий этилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг натижаларига эътибор қаратилди.


Бу ҳақда хабар берган вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини таъминлашга масъул мутасаддиларнинг билим, кўникма ва малакасини оширишга йўналтирилган сайёр ўқув машғулотлари воҳанинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири