Бугун – талаба, эртага – юрт келажаги: ЎзМУ янги авлодни қарши олди
Талабалик – ёш инсон ҳаётидаги энг муҳим ва унутилмас босқичлардан бири.
Бу давр нафақат янги билим ва касб эгаллаш, балки мустақил фикрлаш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва келажакка дадил қадам қўйиш давридир. Айниқса, мамлакатимиздаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлиш ёшлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугун Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан, шунингдек, 2026/2027 ўқув йилида университетга қабул қилинган биринчи курс талабаларини тантанали кутиб олиш мақсадида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда университет раҳбарияти, таниқли олимлар ва академиклар, илм-фан ва адабиёт намояндалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан самимий табриклади ҳамда университетнинг янги аъзолари — биринчи курсга қабул қилинган ёшларни талаба мақоми билан қутлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА